Уруш барибир бўладими? Трамп Америкаси Эронга кўз тикди

Таҳлил

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги совуқ муносабатлар аллақачон “қайноқ” нуқтага етиб келди. АҚШнинг ҳужум қилиш эҳтимоли 90% деб баҳоланмоқда. Навбатдаги уруш билан бизни атиги “бир қадам” ажратиб турган кўринади.

1979 йилги Эрон Ислом инқилобидан сўнг бошланган нодўстона алоқалар бугунга келиб жиддий душманчилик кайфияти билан қоришиб кетди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Хоманаий маъмурияти билан пачакилашиб ўтирмоқчи эмас. Форс кўрфази яқинида АҚШнинг ҳарбий авиаташувчилар армадаси жойлаштирилган, Эронга қўшни мамлакатлардаги Америка ҳарбий базалари ҳужумга тайёрланмоқда, Исроил армияси ҳам юқори жанговар шайлик ҳолатида. Шубҳасиз, бунчалик катта “дабдаба” Теҳрон маъмуриятини шунчаки қўрқитиб қўйиш учунгина қилинмаяпти.

АҚШ нима хоҳлайди?

Дональд Трумп учун Эрон масаласи – шунчаки ташқи сиёсий можаро эмас, балки ички ва глобал аудиторияга йўналтирилган куч намойиши ҳамдир. Бу ёндашув ўз сайловчиларига берган “АҚШ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш” ва олдинги маъмуриятларнинг “заиф” келишувларидан воз кечиш ҳақидаги ваъдаларининг амалдаги исботи сифатида талқин этилмоқда. Шу тариқа Трамп ўзини қатъиятли ва муросасиз етакчи сифатида намоён этмоқчи кўринади.

Январь ойида Эроннинг бир қатор шаҳарларида юзага келган намойишлар дунё ҳамжамиятининг кучли эътиборини торти. Мамлакатда юзага келган инфляция ва амалдаги ҳокимиятнинг сиёсатига нисбатан бошланган оммавий норозиликларнинг куч билан бостирилгани ҳақидаги хабарлар бутун дунёда, айниқса, Вашингтонда кескин реакция уйғотди. Гўёки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи суперқаҳрамон, “демократия посбони” каби Трампнинг эълон қилган талаблари навбатдаги ҳарбий ҳаракатларни бошлаш учун баҳона бўлди.

“Мен, агар улар одамларни ўлдиришни бошласа, одатда тартибсизликлар пайтида Эрон шундай қилади, биз уларга жуда қаттиқ зарба беришимизни айтдим”, деган эди Трамп, 8 декабрь санасидаги интервьюсида.

Расмий Теҳрон ушбу талабларга жавобан, намойишлар вақтида ҳеч ким ўлдирилмаганлиги ва бу ҳатто режада ҳам йўқлигини эълон қилган. Гарчи АҚШ тазйиқларидан кейин расмий қатллар содир этилмаган бўлса-да, ўлганлар сони ошиб борди. АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари янгиликлар агентлиги (HRANA) 25 январь куни эълон қилган хабарга кўра, намойишлар давомида қарийб 5800 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган. Ҳисоботда 17091 кишининг ўлими ҳали ҳам кўриб чиқилаётгани айтилганди. Аммо расмийлар томонидан тақдим этилган рақамлар ўзгача, Ички ишлар вазирлиги ва Шаҳидлар ҳамда фахрийлар жамғармаси қўшма баёнотига кўра, қурбонлар сони 3117 нафар.

Гарчи тайинли далиллар бўлмаса-да, кўп ўтмай АҚШ Эрон қирғоқлари яқинида ҳарбий ҳаракатларга тайёрлана бошлади. Хусусан, “USS Abraham Lincoln” авиаташувчиси Форс кўрфази яқинида, энди “USS Gerald Ford” гигант авиаташувчи кутилмоқда. Бу оддий ротация эмас, балки сиёсий сигнал ҳам. Вашингтоннинг ҳисоб-китобига кўра, ички беқарорлик Эронни ташқи босим олдида янада заифлаштириши мумкин эди. Аммо намойишлар тезда назоратга олингач, “қўзғалон картаси” кутилганидек ишламади.

Аммо Трамп ҳарбий таҳдидларни якунлашни ўйлагани ҳам йўқ. Тез орада, кун тартибига яна бир эски, аммо доимий масала – Эроннинг ядровий дастури қайтди. АҚШ ўтган асрдан буён Теҳронни ядровий амбициялар орқали минтақавий устунликка эришишга уринишда айблаб келади. Ўтган 2025 йил июнь ойида бўлиб ўтган Эрон-Исроил ўртасидаги “Ўн икки кунлик уруш” ҳам, ундан олдинги ва кейинги тарангликларнинг ҳам ягона сабаби сифатида айнан шу ядро дастури кўрсатиб келинади. Хуллас, ядровий таҳдид Вашингтоннинг навбатчи баҳонасига айланиб улгурган. Оқ уй позицияси аниқ: Эрон ядровий қуролга яқинлашмаслиги керак.

Чиндан ҳам, Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши бу фақатгина АҚШ ёки Исроилга таҳдид эмас, глобал тинчлик учун ҳам хавф ҳисобланади. Гап – фақат атом бомбасида эмас, кучлар мувозанатида ҳам. Агар Эрон ядро салоҳиятини оширса, бу Исроил, Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатлари хавфсизлигига бевосита таҳдид сифатида талқин қилинади. Бу таҳдид эса қуролланиш пойгасига старт бериб юборади ва ҳамма ўз ядро қуроли устида ишлай бошлайди. Туркия каби Яқин Шарқнинг етакчи давлатлари, бой араб мамлакатлари “Нега Эронда бор-у, бизда йўқ”, деб қуролланиш пойгасига “шўнғиб” кетади. Бу эса ўз навбатида, дунёда ўрнатилган ядровий мувозанатга жиддий зарба беради.

Мана шундай геосиёсий кескинлик фонида 20 февраль куни Трамп Теҳронга келишув учун 10-15 кун муҳлат берганини эълон қилди. Шубҳасиз бу дипломатик ультиматум. Оқ уй Эрон битимга рози бўлмаса, “ёмон ҳодисалар содир бўлиши мумкин” эканлигини таъкидлаган.
“Биз барчамиз келишувга эришамиз деб ўйлайман ёки бу улар учун бахтсиз ҳодисага айланади. Менинг фикримча 10-15 кун етарли”, дейди Трамп.

Таҳдидли интервьюлар ортидан бир қатор АҚШ базаларида ҳарбий тайёргарликлар бошлаб юборилгани ҳақида хабарлар урчимоқда. Денгиздаги Америка ҳарбий кучлари билан бир қаторда, Эронга яқин қатор мамлакатларда, жумладан, Иорданияда АҚШ ҳарбий самолётлари сони кескин ошиши “АҚШнинг ҳужум қилиш нияти қатъий”, деган тасаввурни уйғотади.

Маълумотларга кўра, АҚШ авиация гуруҳининг жойлаштирилиши Иорданиядаги Муваффақ Салти ҳарбий базасида қайд этилган. Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, айни дамда базада 60 дан ортиқ АҚШ ҳарбий самолётлари мавжуд бўлиб, бу кўрсаткич ушбу объектдаги одатий миқдордан деярли уч баравар кўпдир.

Баъзи мутахассисларнинг фикрича, бундай тайёргарликлар очиқ уруш бошлаш учун эмас, балки босимни максимал даражага етказиш учун, холос. Аммо, ҳамма ҳам бу фикрга қўшилмоқчи эмас.

Савол туғилади: АҚШ аслида нимани хоҳлайди? Режим алмашувиними? Ёки фақат ядровий дастурдан воз кечишни? Таҳлилчиларга кўра, Трампнинг стратегияси икки қатламли. Биринчиси – максимал босим орқали Эронни янги, Вашингтон учун қулайроқ келишувга мажбур қилиш. Иккинчиси – ички аудиторияга қатъият кўрсатиш.

Эрон қандай йўл тутади?

Эрон – бир неча минг йиллик давлатчилик тарихига эга, улкан империялар кўрган, босқинларни енгган ва инқилоблар ичидан омон чиққан мамлакат. Шу боис, Теҳрон учун таслим бўлиш ёки очиқ бўйсуниш сиёсий ўлим билан баробар.

Аммо, бугунги вазият тарихий “романтика”дан кўра анча мураккаб. Январь ойидаги намойишлар давлат аппаратини ҳолдан тойдирди. Гарчи расмийлар вазиятни назоратга олган, тузум ҳам сақлаб қолинган бўлса-да, бироқ сиёсий ва иқтисодий чарчоқ сақланиб қолмоқда. Мана шундай қийин вазиятда АҚШнинг қурол билан “эшик қоқиши”, Эронни ўз қадриятларини четга суриб, асосий душмани билан музокара столига ўтиришга мажбур қилиши мумкин. Аммо, Трампнинг ўртага ташлаган талаблари Теҳроннинг ўз приципларидан қайсидир маънода воз кечиб, бўйин эгишга мажбур қилади.

Шу нуқтада савол туғилади: Теҳрон қандай йўлни танлайди? Биринчи вариант – кескин қаршилик ва максимал жавоб. Бу йўл айни ҳокимиятнинг шаклланган имиджига хос. Аммо ушбу симулятция уруш хавфини оширади ва иқтисодий таназзулни чуқурлаштиради.
Иккинчи вариант – муросага интилиш. Эрон дипломатияни инкор этмайди. Аксинча, у икки томонга ҳам бирдек мақбул келадиган келишув изламоқда. Теҳрон тўлиқ чекинмаслиги аниқ, бироқ маълум шартлар эвазига вақтинча ён бериши мумкин.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи айтишича, томонлар ҳозир ядровий дастурнинг, жумладан, бойитиш жараёнининг тинч мақсадларда эканини ва шундайлигича қолишини кафолатлаш механизмларини муҳокама қилмоқда. Бунинг эвазига санкциялар бўйича муайян чоралар кўрилиши эҳтимоли бор. Гарчи у тафсилотларни очиқламаган бўлса-да, дипломатик келишув йўли қидирилаётганини ва тез орада унга эришилишини айтиб ўтган.

Бироқ, Теҳрон бир ҳақиқатни яхши билади: АҚШ билан келишув – доимий кафолат эмас. Вашингтон илгари ҳам ўзига маъқул бўлмаган халқаро ҳужжатлардан чиқиб кетган, бир неча битимларни бир томонлама бекор қилган. Шунинг учун Эрон стратеглари эҳтиёткор. Улар бугун имзоланган ҳужжат эртага сиёсий конъюнктура ўзгариши билан қоғоз парчасига айланиши мумкинлигини яхши билади.

Шу сабабли Теҳроннинг эҳтимолий стратегияси икки қатламли бўлиши мумкин. Расмий равишда – келишув, дипломатия ва назорат остидаги чекловлар. Норасмий равишда эса – илмий ва технологик салоҳиятни сақлаб қолиш. Яъни, агар келишув имзоланса ҳам, Эрон ядровий билим ва инфратузилмани тўлиқ йўқ қилмайди. Зарурат туғилганда тезкор тиклаш имконияти сақланади. Бу очиқча эълон қилинмайди, аммо сиёсий реализм шуни тақозо этади.

Қисқа қилиб айтганда, Теҳрон қил кўприк устида юрибди. Бир томонда миллий ғурур ва қаршилик мафкураси, иккинчи томонда иқтисодий реаллик ва халқнинг сабри. Эрон учун энг мақбул йўл – вақт ютиш.

Парда ортида

Яқин Шарқ аллақачон етарлича қон ва беқарорлик кўрди. Суриядаги кўп йиллик уруш минтақани мураккаб вазиятга солиб қўйди. Бугун эса ҳеч ким “иккинчи Сурия” пайдо бўлишини истамайди. Шу боис АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайтда дунё “вазиятни урушга олиб борманг”, деб огоҳлантирмоқда. Берлин, Париж ва Брюссель дипломатик каналларни очиқ сақлаш зарурлигини таъкидлаяпти. БМТ ҳам томонларни музокарага қайтишга ундамоқда.

“Биз Қўшма Штатлар ва Эрон Ислом Республикасини келишмовчиликларни ҳал қилиш учун дипломатия билан шуғулланишда давом этишга чақирамиз”, дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакили Дужаррик матбуот анжуманида.

Баъзи давлатлар эса Эронни АҚШга қарши можарода ёлғиз қолдирмоқчи эмас. Айрим давлатлар ва қуролли гуруҳлар очиқчасига Теҳронни қўллаб-қувватлашини билдирди. Толибон ҳамда Ҳизбуллоҳ агар АҚШ Эронга ҳужум қилса, жим қараб турмасликларини эълон қилган. Бу эса можаронинг фақат икки давлат ўртасидаги тўқнашув бўлиб қолмаслигини англатади. Энг ёмони, ҳар қандай зарба минтақавий домино эффектини келтириб чиқариши мумкин.

Хўш, мана шундай кескин вазиятда АҚШ учун Эрондаги тузумни ағдариш қай даражада муҳим? Расмий Вашингтон уруш таҳдидини Эроннинг ядровий дастури билан изоҳлайди. Оқ уй риторикасида асосий урғу – Теҳроннинг ядро қуролига яқинлашаётгани. Аммо масала фақат атом бомбасида эмас. Эроннинг ядро дастури қай даражада ҳарбий мақсадларга йўналтирилган, ҳали бу аниқ эмас. Эрондаги Ҳизбуллоҳ ҳокимияти эса, аввало Исроил учун стратегик таҳдид сифатида кўрилади.

Шу нуқтада АҚШ сиёсатига парда ортидан таъсир ўтказиб келувчи Исроил лоббисининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Теократик Эроннинг кучайиши, минтақада яна бир “ядроли” давлатнинг пайдо бўлиши Исроил учун хавфсизлик масаласини яна ўртага ташлайди. Гарчи Нетаньяху маъмурияти ўзида ядро қуроли борлигини расман тан олмаса-да, бутун дунё бундан хабардор. Исроил эса минтақада бундай қудратни бошқалар билан бўлишишни истамайди. Демак, Эроннинг ядровий салоҳияти – нафақат глобал хавфсизлик, балки минтақавий устунлик масаласи ҳамдир.

Аммо парда ортидаги ўйин бундан ҳам кенгроқ. Эрон – дунёдаги энг йирик нефть захираларига эга давлатлардан бири. У глобал энергия бозорида муҳим ўрин тутади. Эрон нефть захиралари ҳажми бўйича, дунёда Венесуэла ва Саудия Арабистонидан кейин учинчи ўринда туради. Тахминан 208,6 миллиард баррель нефтга эга ушбу давлат дунёга жами нефть захираларининг қарийб 12% қисмини ўзида жамлаган. Суткасига ўртача 3,9 – 4,1 миллион баррель ёқилғи қазиб олувчи Эрон ўз нефтининг қарийб 90% дан ортиғини бир давлат – Хитойга экспорт қилади. Санкцияларга қарамай, Эрон нефтни яширин ва билвосита йўллар билан экспорт қилишда давом этмоқда. Пекин учун Эрон нефти арзон ва стратегик манба.

Агар АҚШ Эрон нефтини глобал бозордан сиқиб чиқарса ёки Теҳронда ўзига яқин ҳукумат шакллантира олса, бу Хитой учун жиддий зарба бўлади. Чунки энергия – иқтисодиётнинг қони. Россия аллақачон уруш гирдобида ва санкциялар остида. Президенти ўғирланган Венесуэла ҳам йил бошидаёқ Вашингтон назоратига ўтди. Шундай бир вазиятда АҚШнинг асосий геоиқтисодий рақиби Хитойни барча энергия таъминотидан айириш шаклланиб келаётган потенциал рақибни йўқ қилишга ёрдам беради. Бу орқали Вашингтон дунёдаги ягона гегемонлигини сақлаб қолмоқчи. Нефть захираларини эгаллаб, гўёки “меҳрибон акадек” Украинадаги урушлар фонида Россия маҳсулотлари, жумладан нефтига нисбатан тақиқ қўйиб, бунинг ортидан бозорда юзага келган эҳтиёжни ўз маҳсулоти билан қондириш қайсидир маънода адолатсиз аммо, ақлли ўйин.

Демак, эҳтимолий ҳужум ёки босим кампанияси фақат Трампнинг сиёсий обрўси ёки ядровий дастур билан боғлиқ эмас. Бу – геосиёсий ва геоиқтисодий ўйин. Минтақада таъсир доираларини қайта тақсимлаш, энергия йўлларини назорат қилиш ва глобал рақибни заифлаштириш стратегияси.

Хулоса қилиб айтганда, саҳнада ядровий можаро кўринади, аммо саҳна ортида энергия хариталари, лоббичилик тармоқлари ва катта давлатлар ўртасидаги кураш турибди. Эронга зарба бериш – бу бир давлатни жазолаш эмас, балки глобал куч мувозанатини қайта ёзиш уринишидир. Савол шуки, бу ўйин кимнинг фойдасига якунланади ва унинг бадалини яна ким тўлайди?


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп Исроил Иордания Вашингтон Теҳрон “USS Abraham Lincoln” USS Gerald Ford Ўн икки кунлик уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг