Уругвайнинг чартер рейси бекор қилинди
Спорт
−
28 июн 5807 1 дақиқа
Уругвай футбол ассоциацияси (AUF) миллий терма жамоанинг 2026 йилги Жаҳон чемпионати билан эрта хайрлашганидан сўнг жамоа учун режалаштирилган чартер рейсни бекор қилди. Бу ҳақда журналист Мартин Чаркеро маълум қилди.
Қайд этилишича, ассоциация қарорига кўра, терма жамоанинг якуний қайдномасига киритилган барча 26 нафар футболчи ватанга алоҳида тарзда қайтиши керак. Ҳар бир ўйинчи ўзининг тижорат авиарейси орқали сафарини мустақил равишда ташкил этади.
Уругвай терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг “Ҳ” гуруҳида учта учрашувда атиги икки очко жамғарди. Жамоа Саудия Арабистони (1:1) ва Кабо-Верде (2:2) билан дуранг ўйнади, Испанияга эса 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижада уругвайликлар гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига йўлланма ола олмади.
Бу Уругвай терма жамоасининг Жаҳон чемпионатларидаги 15-иштироки бўлди. Жамоа турнирда икки марта 1930 ва 1950 йилларда чемпионликни қўлга киритган. Шунингдек, уругвайликлар 1954, 1970 ва 2010 йилларда ярим финалгача етиб борган.
Live
Барчаси