Ургутда наркотик моддани 9 минг долларга пулламоқчи бўлган жиноий гуруҳ ушланди
3-саҳифа
−
26 Июнь
4572Самарқанд вилоятининг Ургут туманида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ аниқланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Ургут туманида яшовчи фуқаролар – 1983 йилда туғилган, Узун маҳалласида истиқомат қилувчи Т.Х., 1984 йилда туғилган, Ғойибота маҳалласида яшовчи О.Д., 1991 йилда туғилган, Қуйиқишлоқ маҳалласида яшовчи Т.М.лар гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган.
Жиноий гуруҳнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда Т.Ҳ., О.Д. ва Т.М.лар Ургут тумани ҳудудида 1 кг 200 гр “опий” гиёҳвандлик воситасини маҳаллий фуқарога 9 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтда тезкор гуруҳ томонидан қўлга олиниб, холислар иштирокида расмийлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.