Урганчда соғлом одамлар ҳам карантинга олинди – Отабеков вазиятга изоҳ берди
Жамият
−
23 Апрель 2020
8971Коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида карантин марказлари ташкил этилган. Жумладан, Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида ҳам.
Маълумотларга кўра, Урганч шаҳридаги карантин ҳудудида тушунарсиз сабабларга кўра, соғлом одамлар ҳам карантинга олинган. Карантин ҳудудида яшаш шароити ўта ёмон. Ҳар сафар шифокорлар навбатчилиги алмашганда улар ўзларининг янгича тартиб-қоидаларини ўрнатишади.
Таъкидланишича, овқатлари яхши эмас. Ювиниш учун шароит йўқ, 5 ҳафтада бир марта чўмилиш имкони берилади. Кимдир нимадир талаб қилса, жазоланиши билан таҳдид қилишади.
“Уларга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги аниқ бўлди. Карантиндагиларни шунчаки ушлаб туришибди. Штабда ҳеч қандай маълумот берилмаяпти. Ҳеч қандай дори воситаси йўқ ва ҳеч қандай даволаш ишлари олиб борилмаяпти”, дейилади мурожаатда.
Бугун, АОКА штабида ўтган брифингда иштирок этган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков мазкур масалага ойдинлик киритди.
“Тошкент Тиббиёт академиясининг Урганч филиалига жорий йилнинг 5 апрель куни Шовот тумани ҳарбий қисмидан бемор билан мулоқотда бўлган 52 киши кузатиш учун кўчирилди.
Улар бемор эмас ва улар учун махсус даволаш муолажалари шарт эмас”, деди Нурмат Отабеков.
Расмий вакилнинг таъкидлашича, барча қаватларда ювиниш хоналари мавжуд. 3 маҳал овқат берилади.
“Меню витамин ва минераларга бой таомлар асосида тузилган. Озуқалар сифати санитария-эпидемиолик хизмати томонидан назорат қилинади”, деди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача вирус юқтирганлар 1716 нафарни ташкил қиляпти. Бугунгача беморларнинг 450 нафари даволанган, 7 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь