Уран йўлдошида суюқ сув излари аниқланди
Олам
−
30 Сентябрь 2025 3268 2 дақиқа
Уран сайёрасининг Ариэль номли йўлдошидаги муз ости океани Ернинг Тинч океанидан ўнлаб марта чуқурроқ бўлиши мумкин. Бу ҳақдаги тадқиқот “Icarus” журналида эълон қилинди.
Ариэль – Уранинг энг ёрқин ва тизимидаги катталиги бўйича тўртинчи йўлдоши. Унинг юзаси қадимий кратерлар ва нисбатан ёшроқ ҳудудларни бирлаштиради. Улар музли вулқонларнинг отилишидан ҳосил бўлган бўлиши мумкин. Олимлар ёрилишлар, тизма ва грабенларга эътибор қаратган – булар кучли ички ва ташқи босимларни кўрсатади.
Бу қандай ҳосил бўлганини тушуниш учун тадқиқотчилар юзадаги тузилмалар харитасини Ариэлнинг орбитавий ҳаракатида юзага келадиган тўлқин кучланиши моделларига солиштирган. Маълум бўлишича, ўтмишда унинг орбита эксцентриклиги ҳозиргидан қарийб 40 баравар катта бўлган. Ушбу тўлқин кучлари агар муз остида океан мавжуд бўлса, музли қатламни деформацияга учратиб, юзада ёриқлар пайдо қилиши мумкин эди.
Ҳисоб-китобларга кўра, океан чуқурлиги 170 километрга етган бўлиши мумкин, ҳолбуки Ернинг Тинч океанининг ўртача чуқурлиги атиги 4 километрни ташкил этади. Олимлар бундай маълумотлар Ариэлни музли йўлдошлар орасида ноёб объектга айлантиришини таъкидламоқда.
Бунгача айнан шу тадқиқотчилар гуруҳи муз ости океани Уранинг бошқа йўлдоши – Мирандада ҳам мавжуд бўлган бўлиши мумкинлигини тадқиқ қилган.
“Биз Уран тизими дунё океанларининг манзили бўлиши мумкинлигига тобора кўпроқ далиллар топяпмиз”, дейди тадқиқот ҳаммуаллифи, Жон Хопкинс университети Амалий физика лабораториясидан Том Нордхайм.
Олимлар ҳозирча инсоният Ариэль ва Миранданинг фақат жанубий яримшарларини кўрганини қайд этмоқда. Келажакдаги Уран миссиялари океанларнинг мавжудлигини тасдиқлаши ва Қуёш тизимининг ташқи қисмида океанларнинг эволюциясини кузатишга ёрдам бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марсда умумий узунлиги 15 минг километрни ташкил этадиган улкан дарёларнинг излари аниқлангани ҳақида хбара берилган эди. Марс орбитасидаги аппаратлар томонидан юқори аниқликда олинган нотекис рельеф тасвирларида тадқиқотчилар қадимги дарё тизимларининг геологик изларини топган. Олимлар тахминига кўра, бу дарё изларининг ёши 3 миллиард йилдан ортиқ. Баъзиларининг узунлиги нисбатан қисқа бўлса-да, бошқалари 200 километргача чўзилган бутун бир тармоқни ҳосил қилган.