2023 йилда кимлар бизни тарк этди?

Таҳлил

Умримиздан яна бир йил ортда қолди. Ушбу йилда ўзбек халқи нафақат янгиланишлар ва ўзгаришлар билан қаршилашди, балки йўқотишларни ҳам бошдан кечирди. Жумладан, ўзбек адабиёти, илм-фани, санъати ва сиёсатига сезиларли ҳисса қўшган одамлар орамизни тарк этди.

Ушбу мақолада 2023 йилда вафот этган дарғаларни хотирлаймиз.

Партия котиби Рафиқ Нишонов

Собиқ Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси марказий қўмитасининг биринчи котиби Рафиқ Нишонов 96 ёшида вафот этди.

U 1985 йилда Рафиқ Нишонов Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган. 1988 йил 12 январдан 1989 йил 23 июнгача – Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби бўлиб фаолият юритган. Шундан сўнг, у Москвага кетган ва у ерда яшаган. 1991 йил сентябрда СССР Президенти Михаил Горбачёвга маслаҳатчи бўлган. 1991 йилдан фаолиятини тугатиб, нафақага чиққан. 

Цирк устаси Ҳаким Зарипов

Ўзбекистон халқ артисти, цирк устаси Ҳаким Зарипов Каримович 99 ёшида вафот этди.

Ўз меҳнат фаолиятини 1942 йилда “Ўзбек давлат цирки” республика бирлашмасида чавандоз сифатида бошлаган Ҳаким Зарипов цирк санъати сирларини ёшларга ўргатиб, ярим асрдан зиёд жаҳон аренасида томоша кўрсатиб келаётган Зариповлар сулоласи вакилларидан бири эди.

Профессор Оқилхон Иброҳимов

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Оқилхон Иброҳимов 65 ёшида вафот этди.

Оқилхон Иброҳимов 1958 йил таваллуд топган. У хорижда ва республикада нашр этилган 100 дан ортиқ илмий мақолалар, 20 га яқин дарслик, монография, ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи.

 

Олий Мажлиси Сенати қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев 72 ёшида вафот этди.

Ўз меҳнат фаолиятини 1972 йилда Республика ёш томошабинлар театри актёри ва режиссёри сифатида бошлаган Бахтиёр Сайфуллаев кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири лавозимида ҳам фаолият олиб борган. У 2017-2020 йиллар давомида Ўзбекистон маданият вазири сифатида фаолият юритган. 

Шоир Эркин Мадраҳимов 

Таниқли шоир Ошиқ Эркин — Эркин Мадраҳимов 86 ёшида вафот этди.

У Қорақалпоғистон халқ шоири унвонига эга. 1986−2010 йиллар давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими масъул котиби вазифасида хизмат қилган.

Шоирнинг 30 га яқин бадиий ва публицистик китоби нашр этилган.

Актёр Аброр Бакиров

Ўзбек кино ва театр санъатида ўз ўрнига эга актёр ва режиссёр Бакировлар сулоласи вакили Аброр Бакиров 58 ёшида оламдан ўтди.

У 1965 йил 26 апрель куни Фарғона вилоятида туғилган. У “Афюн гирдоби”, “Қандаҳорда тобланганлар”, “Бир қадам ўнгга, бир қадам чапга”, “Олтин девор”, “Иванов ва Рабинович” каби фильмларда иштирок этган.

Журналист Шуҳрат Деҳқонов

“Нуроний” газетаси бош муҳаррири Шуҳрат Деҳқонов 52 ёшда вафот этди.

У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган. Шунингдек, у турли жамоат ташкилотларида масъул лавозимларда фаолият юритган.

Депутат Дилнавоз Носирова

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Дилнавоз Носирова кеча, 12 март куни 34 ёшида вафот этди.

У Зарафшон шаҳар Ахборот-ресурс маркази, Маънавият ва маърифат бўлими ҳамда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" ДП шаҳар Кенгаши раиси вазифаларида фаолият юритган. 

2015-2020-йилларда халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати этиб сайланган. 

Ҳоким ўринбосари Умиджон Жумагалдиев

Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокимининг ўринбосари Умиджон Жумагалдиев бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди.

У 1990 йилда Гурлан тумани Хазорасп қишлоғида туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2021 йилда туман ҳокими ўринбосари этиб тайинланган. Марҳумнинг 3 нафар вояга этмаган фарзандлари бор.

Шахматчи Маҳмуджон Юнусов

Ўзбек шахмати фахрийси, таниқли ҳакам Маҳмуджон Юнусович Юнусов 94 ёшида вафот этди.

У 1929 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У миллий тоифадаги ҳакам сифатида кўплаб республика турнирларида ҳакамлик қилган.

Актриса Светлана Муродхўжаева

Ўзбек кино санъати оғир жудоликка учради. Серқирра ижодкор, ўзбек анимация ҳамда дубляж санъатига беқиёс ҳисса қўшган актриса, режиссёр Светлана Муродхўжаева 81 ёшида оламдан ўтди.  

У 50 дан ортиқ анимацион фильмларга ҳамда болалар учун суратга олинган картиналарга овоз берган.  Аниматор режиссёр сифатида “Ботирнинг бахти”, “Тошбақача”, “Сеҳрли кийик”, “Деярли ўйлаб топилмаган воқеа” каби бир қанча анимацион фильмларни суратга олган. 

Актёр Мурод Ражабов

Актёр Мурод Ражабов бугун, 8 апрель куни узоқ хасталикдан сўнг 74 ёшида вафот этди.

У 1949 йилнинг 30 май куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1971 йилда Тошкент санъат институтини тамомлаган актёр фаолияти давомида ўзбек халқи учун қадрдон бўлиб қолган, қатор кинофилмларда суратга тушган. Жумладан, “Ажойиб хаёлпараст”, “Тўйлар муборак”, “Темир хотин”, “Темир эркак”, “Кичкина табиб”, “Кўзларинг маъюс”, “Улфатлар”, “Келгинди куёв”, “Хавфли бурилиш”, “Кечир”, “Супер келинчак”, “Ичкуёв”, “Киракаш” каби филмлар бунга мисол. Мурод Ражабов 2008 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган.

Актриса Гули Ҳамроева

Ўзбекистон халқ артисти, балерина Гули Ҳамроева 76 ёшида вафот этди.

У Ўзбекистон халқ артисти Раззоқ Ҳамроевни қизи. Гули Ҳамроева 1966 йил Тошкент хореография билим юртида таҳсил олган.

Унинг “Бахчирайский фонтан”, “Дон Кихот”, “Эсмеральда”, “Дилором”, “Амулет любви”, “Спартак” ва бошқа кўплаб спектакллардаги етакчи партиялари миллий балет хазинасидан ўрин эгаллаган.

Журналист Мурод Хидир

17 апрель куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мурод Хидир 84 ёшида вафот этди.

У “Қирғоқлар”, “Aму соҳиллар бўйлаб”, “Кўзача ва бўтача”, “Тошкўл”, “Кийикча ва бўйноқ”, “Ҳарф ўйини” каби китоблар муаллифи саналади.

ССБ бошлиғи Зафар Расулов

Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Зафар Расулов 44 ёшида вафот этди.

У 2012-2020 йилларда Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасида бош шифокор ўринбосари, бирлашма бошлиғи, Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари каби масъул лавозимларда ишлаган.

2020-2023 йилларда эса Навоий вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида самарали меҳнат қилган.

Шоира Ойдин Ҳожиева

Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 81 ёшида вафот этди.

У 20 дан ортиқ шеърий тўпламларнинг муаллифидир. Биринчи шеърий тўплами 1970 йилда “Шабнам” номи билан чоп этилган.

У 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, 1975 йилда Ёшлар Иттифоқи мукофоти совриндори, 1999 йилда эса Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Актёр Рустам Ўразаев

Кеча, 18 май куни Театр ва кино актёри, режиссёр, ёзувчи Рустам Ўразаев 65 ёшида Москвада вафот этди.

У актёрлик фаолиятини 1974 йилда бошлаган. Мамлакатнинг турли киностудияларида ишлаган. У театр ва кинода 50 дан ортиқ ролларни ижро этган. Орадан вақт ўтиб, Рустам Ўразаев фаолиятини Россияда давом эттирган.

Журналист Қудрат Ирназаров

Тарих фанлари доктори, фахрий журналист Қудрат Ирназаров 73 ёшида вафот этди.

У 2019 йилдан ҳозирги кунгача Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ижтимоий ва гуманитар фанлар кафедраси профессори, кейинроқ Жамоатчилик билан алоқалар ва реклама кафедраси профессори сифатида ишлаб келган. 2008 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган.

Раққоса Қизлархон Дўстмуҳаммедова

Таниқли раққоса, ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди.

У Мунаввар Қори Ёқубов номидаги Ўзбек Давлат филармониясида, “Ўзбекистон” Театр-студиясида, Тошкент давлат маданият институти Халқ мусиқаси кафедрасида, Халқаро “Олтин Мерос” хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасида фаолият юритган. 

Журналист Мавлон Шукурзода

1 июль куни ўзбекистонлик таниқли спорт журналисти Мавлон Шукурзода 69 ёшида вафот этди.

У “Пахтакор” футбол клубининг фаолиятини кенг оммага ёритишда ўзининг катта ҳиссасини қўшган. Журналист “Пахтакор-79” фильмининг суратга олинишида консултант сифатида иш олиб борган.

Маълум бўлишича, марҳум журналист жорий йилнинг 3 июль санасида ўтказилиши режалаштирилган Ахбор Имомхўжаев хотира турнирида иштирок этиш учун рўйихатдан ўтган бўлган.

Актёр Толиб Каримов

Ўзбек Миллий академик драма театрининг забардаст актёри, Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов бугун, 19 июль куни 83 ёшида вафот этди.

У “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” телекўрсатувларида ҳам кўплаб асосий ролларни ижро этган.

У 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган. "Қутлуғ қон" спектаклида Тантибойвачча ролини ижро этгани учун у 1989 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган. Актёр 1997 йилда "Меҳнат шуҳрати"ордени билан тақдирланган. 

Ёзувчи Луқмон Бўрихон

25 июль куни ёзувчи Луқмон Бўрихон 58 ёшида вафот этди.

Дастлабки ҳикояси — “Бегимқул катта” 1987 йилда нашр қилинган. Шундан сўнг ёзувчининг “Ялангоёқ” (1991), “Сирли муаллим” (2006), “Хизр кўрган йигит” (2007) cингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари босмадан чиққан. 2005 йилда ёзувчи “Жазирамадаги одамлар” романини чоп эттирган.

У Луқмон Бўрихон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали соҳиби бўлган.

Хонанда Шерали Жўраев

Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 77 ёшида вафот этди.

1991 йилда у Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти билан тақдирланган. 2022 йилнинг 12 апрелида Президент фармонига биноан Шерали Жўраев ўзининг 75 йиллик юбилейида “Эл-юрт ҳурмати“ ордени билан мукофотланган.

Жўраев репертуари кўп қиррали ва ранг-баранг бўлиб, қўшиқлари асосини Шарқ мумтоз ва замонавий шоирларнинг шеърлари ташкил этади.

Академик Наим Каримов

Атоқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Наим Каримов шу йилнинг 17 сентябрь куни 91 ёшида вафот этди.

Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун Наим Каримов 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотларига сазовор бўлган эди.

Генерал-майор Александр Шишлянников


15 сентябрь куни Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси Ҳарбий-илмий ва амалий ривожлантириш маркази катта илмий ходими, истеъфодаги генерал-майор, ҳарбий фанлар номзоди, профессор Генерал-майор Александр Шишлянников 73 ёшида вафот этди.

У 1950 йил 3 ноябрда Тошкентда туғилган. 1971 йилда у Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини тамомлаб, Чехословакиядаги Марказий ҳарбий қўмондонлик ва Германиядаги Ғарбий ҳарбий қўмондонлик бўлинмаларида хизмат қилган. 1993−1995 йилларда Тожикистон мудофаа вазири лавозимида ишлаган.

Академик Назар Тўраев

3 октябрь куни академик, физик олим Назар Тўраев 85 ёшида вафот этди.

У 1988 йилда у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби бўлган. Шунингдек, у 1990-1995 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлиб ҳам ишлаган. 1998 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган. 2001 йилда эса Ўзбекистон Фанлар академияси илмий ўқув маркази директори этиб тайинланган.

Журналист Сурия Магдиева

5 октябрь куни “Даракчи” газетасининг русча нашрида фаолият юритган журналист Сурия Магдиева оламдан ўтди.

У “Наманган ҳақиқати” ва “Даракчи плюс” газеталарида ишлаган. У ижтимоий соҳа, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш, инклюзив таълимга оид долзарб мавзуларни ёритган. Журналист сон-саноқсиз интервьюларидан тортиб, пресс-турларда ва матбуот анжуманларида фаол иштироки билан ҳамкасбларининг хотираларида қолди.

Актёр Абдухолиқ Мамарасулов

21 октябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдухолиқ Мамарасулов 74 ёшда вафот этди.

У 1970 йилдан бошлаб Муқумий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрида ҳамда “Муштум” журналида фаолият юритган. У “Телевизион миниатюралар театри”даги роллар билан халққа танилган эди.

Шоир Жийенбай Избасқанов

29 октябрь куни Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Жийенбай Избасқанов 74 ёшида вафот этди.

У 1990-1995 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот қўмитасида бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлаган. “Қорақалпоғистон” газетасида бош муҳаррир (1995-2010) лавозимида фаолият юритган.

Шоир бир қанча классик асарларни қорақалпоқ тилига таржима қилган. 2005 йилда “Қорақалпоғистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлган. Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори.

Кинорежиссёр Хайрулла Жўраев

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, кинорежиссёр Хайрулла Жўраев 78 ёшида вафот этди.

У “Фуқаро”, “Барча фазилатлар сенда мужассам”, “Афғонистон, 85-йил кузи”, “Икки миллион таниш чеҳра” каби тўла метражли ҳамда “Аҳматовлар оиласи”, “Абдуманнон Умаров”, “Абдулла Қодирий”, “Ҳамид Олимжон” каби қисқа метражли фильмлари билан ўзбек халқига таниш ҳисобланади.

Сухандон Ўткир Сиддиқов

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли сухандон Ўткир Сиддиқов 78 ёшида вафот этди.

Ўткир Сиддиқов фаолияти давомида 250 мартадан ортиқ турли шаҳар ва мамлакатлардаги гастроль сафарларида бошловчилик қилиб, 8 мингга яқин тадбирларда иштирок этган.

 У 1996 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони, 2017 йилда эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 

Аскиячи Мамасидиқ Шераев

21 ноябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, аския санъати устаси Мамасидиқ Шераев 77 ёшида вафот этди.

У 1999 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2021 йил “Дўстлик” ордени соҳиби бўлган.

Шераев 2020 йилдан ҳозирги вақтгача Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрининг олий тоифали драма артисти сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Киношунос Жўра Тешабоев

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Жўра Тешабоев 90 ёшида вафот этди. 

Киношунос, сценарийнавис, санъатшунослик фанлари доктори бўлган Жўра Тешабоев фаолияти давомида  30 га яқин ҳужжатли кино, 2 та  мултфильмга сценарий ёзган. 

У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1989), Санъатшунослик фанлари доктори, профессор (1991) унвонлари билан тақдирланган.

 


Мақола муаллифи

Теглар

илм-фан санъат сиёсат адабиёт хотирлаймиз 2023 вафот этганлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг