Унутмоқ осонмас сизларни

3-саҳифа

image

Мана 2024 йил ҳам тугаб бормоқда. Бу йил Ўзбекистон учун яхши ютуқларга, муваффақиятга бой йил бўлди. Лекин халқимиз яхшиликлар билан бирга йўқотишларни ҳам бошдан кечирди. Ўзбек санъати, публицистикаси, илм-фани, маданияти бу йилда кўплаб вакилларини бой берди. Айниқса, ўзбек санъати ва маданияти кўплаб такрорланмас истеъдодларини йўқотди.

Турғун Азизов (1934-2024)

Яна бир ўзига хос ижодкорлардан бири, Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр Турғун Азизов 22 январь куни 90 ёшида вафот этди. Турғун Азизов 1934 йилнинг 30 ноябрида Тошкентдаги Сарёғчи (ҳозирги Бешқайрағоч) маҳалласида туғилган. У 1956 йили аввалги Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, шу йилнинг ўзидаёқ ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган. Турғун Азизов  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонларига сазовор бўлган. 2001 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2021 йил “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган. Ўзбек халқининг севимли актёри Миллий театрда фаолият юритиб келаётган бир қанча ёш ижодкорларнинг устози ҳамдир. Шунингдек, Турғун Азизов театрда саҳналаштирилган 200 га яқин асарларда бош ролларни ижро этган.

У яратган “Сарвқомат Дилбарим”да Илёс, “Номус”да Сайрам, “Номаълум киши”да Ниёз, “Монсерра”да Монсерра, “Ўғирланган умр”да Эйдзи, “Тирик мурда”да Протасов, “Қирол Лир”да Эдмунд, “Отелло”да Отелло, “Мирзо Улуғбек”да Мирзо Улуғбек, “Алишер Навоий”да Ҳусайн Бойқаро каби образлари ўзининг ўтли юраги, романтик эҳтироси, кечинмалари билан ўзбек театр санъати тарихида қолди. Актёр кино санъатида ҳам фаол иштирок этиб, 30 дан ортиқ фильмларда суратга тушган. Эл севган “Мафтунингман” фильмида Бакир Назаров, “Нодирабегим”да Амир Насрулло образларини яратган. Дубляж соҳасида ҳам самарали меҳнат қилган. У кино, театр, радио ва телевидениеда фаол қатнашиб, санъатда етукликка эришганидан кейин, театр режиссурасида ҳам ўзини синаб кўрди. Жумладан, театрда “Алишер Навоий”, “Мирзо Улуғбек”, “Меҳробдан чаён”, “Етти фарёд”, “Чимилдиқ”, “Машраб”, “Олтин қиз”, “Тили асалим”, “Рустам”, “Яраланган оққуш ноласи”, “Бир кошона сирлари”, “Ўзбекча рақс” каби асарларни муваффақиятли саҳналаштирди. Бу спектакллар жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди. “Чимилдиқ” постановкаси эса ўзбек халқининг энг севимли спектакллари қаторидан ўрин олган.

Аброр Турсунов (2024)

"Кулол ва Хурмача" фильмидаги Хурмача роли орқали шуҳрат қозонган киноактёр Аброр Турсунов 7 февраль куни вафот этди. Киноактёр фаолияти давомида “Чинор остидаги дуэль”, "Суюнчи", "Абдуллажон", “Ким жинни”, “Аёллар салтанати” каби кўплаб фильмларда роль ижро этган. У кинематография оламига  асрнинг 70 йилларида кириб келган. Актёр илк бор "Чинор остидаги дуэль" фильмидаги Парпи роли билан кўпчиликнинг эътиборига тушган. Ушбу муваффақиятидан сўнг актёр ижро этган роллари сони орта бошлади. Аброр Турсунов асосан кичик эпизодик ролларни ижро этган бўлса-да, улар ўзининг ҳаётийлиги билан томошабинлар олқишига сазовор бўлган. У бош роллардан бирини маромига етказиб ўйнаган "Кулол ва Хурмача" эртак филми эса 90 йилларда экран юзини кўрган.

Жасур Шаметов (1985-2024)

Бундан ташқари, таниқли хонандаларнинг клипларини суратга олган режиссёр, клипмейкер ва оператор Жасур Шаметов 10 февраль куни вафот этган. Ҳозирча ўлим сабаблари очиқланмаган.  У “Зарб”, “Гуноҳ”, “Пойма-пой”, “Садоқат”, “Қалбаки дунё”, “Аччиқ ҳаёт”, “Қалбим ўғриси” каби бир қанча бадиий фильмларда операторлик, “Маҳаллада нима гап” мусиқий-комедик фильмида режиссёрлик, “МТВ шоу” дастурида продюсерлик қилган. Маҳоратли оператор бир қанча халқаро танловларда иштирок этган.  Шунингдек, “Учрашув” бадиий фильмининг сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёри.
 

Рўзимбой Норматов (1951-2024)

Бахшичилик санъати ҳам бу йилда бир қанча ижодкорларини бой берди. Булардан бири, Ўзбекистон халқ бахшиси Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар бахши (Рўзимбой Норматов) эса 29 февраль куни 73 ёшида вафот этди. Хоразм бахшичилик, достончилик мактабининг йирик намояндаларидан бири бўлган Рўзимбой (Қаландар бахши) Норматов 1951 йил 15 июнда Хоразм вилояти, Шовот туманида таваллуд топган. Қаландар бахши халқ ижодиётининг анъанавий халқ термалари, достонлари, халфа қўшиқлари ва масхарабозлик йўналишларини ўз ичига қамраб олган "Авазхон" фольклор этнографик халқ ансамбли бадиий раҳбари сифатида кўп йиллар фаолият юритган. Шу билан бирга, Қаландар бахши қадимий достонлардан "Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам","Тоҳир ва Зуҳра", "Ошиқ Маҳмуд","Саётхон ва Ҳамро", "Гўрўғли" достонлари туркумига кирувчи "Базирён", "Авазхон", "Хирмондал" каби қатор достонларни куйлаган. Шунингдек, бизгача фақат мазмунлари орқалигина етиб келган қадимий "Юсуф Аҳмад" достонининг қайта тикланиб ижро этилишига муносиб ҳисса қўшган. 2001 йилда бахшичилик соҳасидаги меҳнатлари учун “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланган.

Машраб Кимсанов (1955-2024)

2 май кунида ҳам ўзбек санъати бир ёрқин вакилини бой берди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, таниқли ва истеъдодли киноактёр Машраб Кимсанов 69 ёшида вафот этди. Aктёр узоқ давом этган хасталикдан сўнг бу ёруғ оламни тарк этган. Қайд этиш жоизки, олдинроқ Машраб Кимсанов оғир хасталикка чалингани ва тўртинчи инсультдан кейин тўшакка михланиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Машраб Кимсанов "Водийлик келин", "Оловли йўллар", "Отамдан қолган далалар", "Масхарабоз", “Умид”, “Зебузар”, “Ҳаёт мамот”, “Ҳақиқий эркаклар ови”, "Сеҳрли қалпоқча", "Онагинам орзуси" каби кўплаб фильмларда эсда қоларли ролларни ижро этган. Шунингдек, ижодкор "Тоғлик куйов" фильмининг постановкачи режиссёри ҳисобланади.

Чори Умиров (1938-2024)

Яна бир бахшичилик санъатида ўчмас из қолдирган Чори Умиров 4 май куни 86 ёшида вафот этди. У чорак асрдан зиёд вақт давомида Шеробод достончилик мактабига мансуб ёш бахшиларга ўз ижодидаги достонларни ўргатиб, устозлик қилиб келган ва бахшичилик санъатига ўчмас из қолдирган. Ўзбек публицистикаси ҳам қалами ўткир журналист-у шоир, шоираларини йўқотди.

Абдурауф Қоржовов (1956-2024)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдурауф Қоржовов 7 май куни 68 ёшида вафот этди. Абдурауф Қоржовов 1956 йил 21 сентябрда Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида туғилган эди. 1981 йилда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган. У ўз фаолиятини “Ўзбекистон овози” (“Совет Ўзбекистони”) газетасида мусаҳҳиҳ, мухбирликдан бошлаган. Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг мухбири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, директор ўринбосари, “Ўзбекистон 24” телерадиоканали бош муҳаррири лавозимларида фаолият кўрсатган.

Абдурауф Қоржововнинг “Йўллар ва манзиллар”, “Табиатнинг мўъжизавий эҳсонлари” китоблари, ҳаммуаллифликдаги “Саҳро бўм-бўш эмас”, “Юрт фарзандлари”, “Хитой Ўзбекистонликлар нигоҳида” каби очерклар тўпламлари нашр этилган. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвонига муносиб кўрилган. Шунингдек, “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” ва бошқа кўплаб мукофотлар билан тақдирланган. Абдурауф Қоржовов 2020 йилдан буён “Янги Ўзбекистон” газетаси таҳририятида катта муҳаррир, бўлим мудири, иқтисодий шарҳловчи вазифаларида ишлаб келаётган эди.

Насрулло Қобилов (2024)

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи ва драматург, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Насрулло Қобилов 13 май куни вафот этди. Насрулло Қобиловнинг кўплаб театрларда асарлари саҳналаштирилган. Жумладан, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида унинг "Машраб", "Намруд" асарлари қўйилган.  Шунингдек, у "Актёрлик маҳорати", "Актёрнинг дирижёр билан ишлаши"  ва бошқа қўлланмалар муаллифи саналади.

Кенгесбой Сержанов (1958-2024)

15 май куни эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ҳамда Қорақалпоғистон халқ артисти Кенгесбой Сержанов 66 ёшида вафот этди. Кенгесбой Сержанов фаолияти давомида Ўзбекистон давлат консерваториясида, Республика эстрада-цирк коллежида дарс берган. Алишер Навоий номидаги катта академик опера ва балет театрида опера хонандаси сифатида сермаҳсул ижод қилиб, кўплаб бош ролларни ижро этган. У кенг диапазонли, соҳир овоз соҳиби эди. Сержанов кўплаб халқаро танловлар ғолиби бўлган. У таниқли опера хонандаларини етиштиришда, мамлакатда опера санъатини ривожлантиришда салмоқли ҳисса қўшган.

Малика Қаюмова (1954-2024)

13 июнь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмова 70 ёшида оламдан ўтди. Малика Қаюмова 1954 йил Тошкент вилоятида таваллуд топган. 1976 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган. Институтни битиргач, ўзбек драма театрида ўз фаолиятини бошлаган. 1993 йилдан бошлаб Муқимий номидаги мусиқали театрда фаолият кўрсатиб келган. Бу театрда Малика Қаюмова ёш бўлишига қарамасдан, оналар ролини ижро этиб, театр жамоасининг ишончини қозонган. Малика Қаюмова ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 30 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамон роллари ва  характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этган. У 2011 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланган.

Фирудин Сафаров (1933-2024)

Йўқотилган ўзбек санъати вакиллари рўйхати ҳали тугагани йўқ. 26 июль куни Ўзбекистон ва Озарбайжон Халқ артисти, таниқли режиссёр, опера саҳнасининг ажойиб устаси  Фирудин Сафаров 91 ёшда оламдан ўтди. Фирудин Сафаров совет, озарбайжон ва ўзбек мусиқачиси, режиссёр, мусиқа ўқитувчиси бўлиб, Озарбайжон халқ артисти (1992), Ўзбекистон ССР халқ артисти (1986) унвонларини қўлга киритган. Шунингдек, Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофоти лауреати ҳисобланади. У Тошкент давлат консерваториясида профессорлик фаолиятини олиб борган.
 

Турсунали Мамажонов (1949-2024)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, бир неча давлат мукофотлари совриндори, миллий дорбозлик ва полвонлик халқ жамоалари асосчиси — “Водий чинори” халқ дорбозлик жамоаси бадиий раҳбари Турсунали полвон Мамажонов 28 июль куни 75 ёшида вафот этди. Маълумот учун, Турсунали Мамажонов 1949 йилда Фарғона вилоятида туғилган. Марҳум Фарғона вилояти ҳайвонот боғи ташаббускори, фахрий эколог бўлган. Узоқ йиллар мобайнида Шоҳимардонда томошалар кўрсатиб келган. 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Бобомурод Ҳамдамов (1940-2024)

Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 3 сентябрь куни 84 ёшида вафот этди. Бобомурод Ҳамдамов буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг муносиб издоши эди. У 1940 йилда Туркманистоннинг Чоржўй шаҳрида туғилган. Асосан 4 тилда: ўзбек, туркман, тожик ва ҳинд тилида халқ қўшиқларини ижро этган. Ўрта мактабни тугатгандан кейин кўтарма кранчилар тайёрлайдиган қисқа курсни битириб, қурилишга ишга кирган. Аммо қўшиқ айтишни яхши кўргани учун дастлаб ҳиндча қўшиқлар айтган, Комилжон Отаниёзовнинг Тошоғуздаги ансамблида ишлаган. Унинг қўшиқлари ва ижоди ўзбек санъатининг “олтин фонди”га киритилган бўлиб, ёрқин хотираси мухлислар қалбида мангу яшайди.

Владимир Бурмакин (1937-2024)

3 сентябрь куни эса Ўзбекистон тасвирий санъатининг намояндаси, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, санъат арбоби, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, рассом Владимир Бурмакин 87 ёшида вафот этди. Қайд этилишича,  асрнинг 70 йиллари ўртасида Владимир Бурмакин  “Халқлар дўстлиги” саройи, “Пахтакор” метроси бекати, “Меҳнат захиралари” спорт комплекси ҳамда “Зарафшон” ресторанининг юз қисмига безаклар берган. Шунингдек, турли иншоотлардаги мозаикалар, Тошкент аэропорти ҳамда Сенат биносининг ички қисмидаги чизмалар, “Бойсун мадоннаси”, “Дарахт ҳақидаги қўшиқ”, “Ўзбекистон физика фани арбоблари” сингари юзлаб гўзал асарлар муаллифи сифатида ном қолдирди. Владимир Бурмакин Ўзбекистон ҳамда Россия Федерацияси, Буюк Британия, Франция, АҚШ, Германия, Болгария, Туркия, Полша ва бошқа мамлакатларда кўплаб кўргазмаларда иштирок этган. Унинг ишлари кўплаб музейлар, галереялар ва шахсий коллекцияларда сақланади. Биргина Германиянинг Кёлн шаҳри яқинида жойлашган Гуммерсбах шаҳарчасидаги ЭКЮ-Отель галереясида 200 дан ортиқ ишлари тўпланган. У қирқ йилдан ортиқ Тошкент рассомчилик таълим муассасаларида дарс бериб, ўнлаб қобилиятли рассомларни тарбиялади ва улар ҳозирда Ўзбекистоннинг машҳур рассомлари қаторига киради.

Мусахон Нурматов (1968-2024)

Машҳур бастакор Мусахон Нурматов узоқ давом этган хасталик туфайли 9 сентябрь куни 56 ёшида оламдан ўтди. Мусахон Нурматов фаолияти давомида Озодбек Назарбеков, Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраев, Абдурашид Йўлдошев, Баҳром Назаров, Мансурхон ва Юсуфхон Нурматов каби кўплаб санъаткорлар билан ҳамкорлик қилган. Сўнгги йилларда унинг продюсерлигида “Журналист” ва “Қодирхон” каби сериаллар суратга олинган. 

Бибисора Туробова (1952-2024)

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Бибисора Туробова 15 сентябрь куни 72 ёшида вафот этди. Бибисора Туробова 1952 йилнинг 1 сентябрь куни Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти Хатирчи туманида туғилган эди. Ўз вақтида Бибисора Туробова Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, меҳрибонлик уйи директори лавозимларида фаолият юритган. 1990 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган. 10 га яқин шеърий китоблари нашр этилган. Айниқса, “Келинсалом” ва “Мен излаган қувонч” шеърий китоблари катта эътибор топди. Унинг “Ўлсам жанозамни булбул ўқисин” шеъри жуда машҳур. 

Камола Маҳмудова (1976-2024)

Лондонда яшаб, фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассис, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Озарбайжондаги вакиллиги раҳбари Камола Маҳмудова узоқ давом этган саратон хасталиги туфайли 27 сентябрь куни 48 ёшида Лондон шаҳрида вафот этди. Камола Маҳмудова 1976 йил Тошкентда туғилган эди. У Khan Academy, Эзгу Amal, Яшил Бухоро каби бир қатор таълим, ижтимоий ва хайрия лойиҳаларининг ташаббускори ва фаол иштирокчиси эди. У Clare университетида бизнес бошқаруви бўйича ўқиган ва ҳозиргача Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Озарбайжондаги раҳбари бўлиб келаётган эди. Камола Маҳмудова, шунингдек, бир қатор хайрия ташкилотлари, жумладан, хусусий университет, Буюк Британиядаги Халқаро мувофиқлик ассоциацияси ва АCАМС'нинг Евросиёдаги бўлими асосчиси бўлган. 2020 йилда Президент Шавкат Мирзиёев уни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган. “Ўзбекистонлик” фильмининг хорижда муваффақият қозонган ўзбеклар ҳақидаги эпизодларидан бири Камола Маҳмудовага бағишланган.
 

Аҳмад Нарзуллаев (1956-2024)

Ўзбекистон Қаҳрамони, сурхондарёлик илғор фермер Аҳмад Нарзуллаев 1 ноябрь куни 68 ёшида вафот этди. Аҳмад Нарзуллаев 1956 йил 15 мартда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. 1979 йилда Тошкент политехника институтини тамомлаган. Аҳмад Нарзуллаев бошчилигидаги “Лочин” фермер хўжалиги 2000 йилда Президент соврини учун ўтказилган “Ташаббус” кўрик-танловида фаол иштирок этган. Шу йили “Лочин” фермер хўжалиги вилоят босқичида деҳқон, фермер ва тадбиркорлар ўртасида 1-ўринни эгаллаган.

Ушбу кўрик-танловнинг республика босқичида эса 3-ўринни қўлга киритган. Аҳмад Нарзуллаев эса кўрик-танловнинг “Саховатли тадбиркор” лауреатлик дипломи ва эсдалик совғаси билан тақдирланган. “Ташаббус–2001” кўрик-танловида Аҳмад Нарзуллаевга “Интизомли солиқ тўловчи” лауреатлик дипломи берилган. У 2001 йилда Меҳнат шуҳрати ордени билан тақдирланган, шунингдек, 2003 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилган.

Мансур Жумаев (1991-2024)

5 ноябрь куни эса машҳур шоир Мансур Жумаев 33 ёшида оламдан ўтди.  Маълум бўлишича, у ўз жонига қасд қилган. Мансур Жумаев 1991 йил 17 февралда Қашқадарё вилояти Миришкор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. У ҳаётининг сўнгги кунларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Адабий тарғибот ва тадбирларни уюштириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритаётганди. Шоирнинг “Оқ орзуларим”, “Ҳайрат қўшиқлари”, “Ҳазрати ишқ” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Яқинда “Излам” туркумида “Биз кутган фасл” номли шеърий тўплами чиққан.  Шоир “Ота юрт”, “Олдинда бир йўл бор...”, “Сужуд”, “Болалик”, “Менинг хатоларим”, “Эсингдами, ака...”, “Эртак ҳақида эртак”, “Ҳайрат қўшиғи”, “Китобсевар қизга”, “  аср табиби”, “Йўловчи қўшиғи”, “Сенга деганим” сингари Ватанга, эл-юртга муҳаббат, инсоний ва илоҳий туйғулар баланд пардаларда куйланган шеърлари билан ўқувчилар қалбидан жой олган.  Бир қатор асарлари рус, инглиз, турк, озарбайжон, тожик, қорақалпоқ ва бошқа тилларга таржима қилиниб, нуфузли хорижий нашрларда эълон қилинган.  

Мансур Жумаевнинг “Альфа”, “Арилар кўзёши” каби ҳикоялари нафақат Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида, балки рус, озарбайжон ва бошқа хорижий тилларга таржима қилиниб, адабий-бадиий журналларда чоп этилган. Ўзбекистоннинг илм-фанининг  юксалишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган бир қанча йирик мутахассислар ҳам энди орамизда йўқ.

Темуржон Носиров (1941-2024)

Яна бир илм-фанга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, электроэнергетик тизимларнинг режимларини таҳлили ва назарияси бўйича йирик олим, академикларимиздан бири Темуржон Хайруллаевич Носиров 12 ноябрь куни 83 ёшида вафот этди. Марҳум Носиров 1941 йилнинг 25 июлида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган эди. Ҳаёти давомида “Ўзбекистон энергомаркази”нинг бош директори, ТошТУ энергетика факультети профессори, “Электроэнергетика” йўналишининг илмий раҳбари бўлиб ишлаган. Унинг илмий ишлари электроэнергетика тизимларнинг турли режимлари таҳлили учун назарий умумлаштирилган моделлари ва алгоритмларига ҳамда автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви тизимларига бағишланган. Академикнинг “Электр тизими тармоқларининг чизиқли дизайн моделлари”, “Электр тизимларининг барқарор ҳолат режимлари назарияси ва ҳисоблаш асослари”, “Электр энергия тизимларининг барқарор режимлари ва уларни оптималлаштириш” сингари асарлари бор.

Сулаймон Иноятов (1938-2024)

Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори ва Ўзбекистон Турон фанлар академияси академиги Сулаймон Иноятов 20 ноябрь куни 86 ёшида вафот этди. У Отаулла Хўжаевнинг невараси, Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети раиси Файзулла Хўжаевнинг жиян невараси эди. Оиланинг келиб чиқиши Бухородаги машҳур Хўжаевлар сулоласига бориб тақалади. Сулаймон Иноятов Бухоро давлат педагогика институтида тарих-филология факультетини тамомлаб, Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида аспирантура йўналишида ўқийди ва Тошкент давлат университети тарих факультетидаги Илмий кенгашда тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлаган.

Сулаймон Иноятов Бухоро давлат педагогика институтида кафедра мудири, илмий ишлар бўйича проректор, давомида университетнинг тарих факультети декани лавозимларида ишлаган. Олимнинг жами 50 тага яқин монография, рисола ҳамда ўқув қўлланмалари, 500 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган. Унинг илмий тадқиқотлари олимлар ва кенг китобхонлар оммасига маълум. Сулаймон Иноятов 2023 йилда Президент фармонига мувофиқ “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эди.

Мухтор Ҳошимов (1948-2024)

Йўқотганларимиз рўйхатида спорт мутахассислари ҳам топилади. Узоқ йиллар давомида ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшган мутахассис Мухтор Ҳошимов 26 ноябрь куни вафот этди. Мухтор Муинович Ҳошимов 1948 йилда таваллуд топган эди. 1960 йилда “Пахтакор” футбол мактабида шуғулланишни бошлаган. Ўзбекистон терма жамоаси сафида ёшлар кубоги соҳиби бўлган. Футболчилик фаолияти давомида “Политотдел”, “Димитроветс”, “Оқ олтин” жамоаларида тўп сурган. 1972 йилда мураббийлик фаолиятини бошлаган. 1993 йилда ўша вақтдаги Ўзбекистон футбол федерациясида оммавий футбол бўлими бошлиғи, 2006 йилдан эса мусобақалар бўлими бошлиғи, кейин эса Ўзбекистон футзал ассоциациясининг биринчи вице-президенти лавозимларида ишлаган. Умрининг сўнгги йилларида эса ЎФА футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмита раиси сифатида фаолият юритган.

Ҳалима Ибрагимова (1979-2024)

Ўзбек санъатида ўз йўналиши ва услубига эга бўлган актриса Ҳалима Ибрагимова эса қандли диабет касаллиги туфайли 7 декабрь куни 45 ёшида оламдан ўтди. У қандли диабет касаллиги билан курашиб келган. Актриса реанимацияда бўлган пайти вафот этган. Ҳалима Ибрагимова 1979 йилда туғилган. У Тошкент давлат санъат институти драма актёрлиги бўлимида таҳсил олган. Актриса Мирзабек Холмедов бошчилигидаги театр-студиядаги чиқишлари билан танилган. У, шунингдек, кўплаб фильмларда ҳам роллар ижро этган. 

Маҳкам Маҳмудов (1940-2024)

Йўқотганларимиз рўйхатида халқ суйган шоир, ёзувчиларимиз кўп. Афсуски, филология фанлари номзоди, адабиётшунос ва ёзувчи Маҳкам Маҳмудов 13 декабрь куни 84 ёшда вафот этди. Адиб “Абадият лаҳзалари”, “Мен – мен эмасман”, “Мангу куй излаб” сингари асарлар ёзган. Адабиёт олдидаги хизматлари учун унга “Эл-юрт ҳурмати” ордени берилган. Маҳкам Маҳмудов 1940 йилда Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган эди. У 1960 йиллардан то шу кунгача газета ва журнал таҳририятлари ҳамда нашриётларда ишлаб келган.

Маҳмудов дастлаб шоир бўлган, сўнгра насрга ҳам ўтиб, тарихий мавзулар ва фантастик жанрда ижод қилган. Адиб “Бибихоним”, “Шоҳлар маликаси”, “Мовароуннаҳр юлдузи”, “Султон Маҳмуд Ғазнавий”, “Бойсунғур ибн Шоҳруҳ”, “Имом Зайниддин Ғаззолий”, “Мен — мен эмасман”, “Тескари кўзлар сайёраси”, “Сирли қаср”, “Мангу куй излаб” сингари асарлар ёзган. Унинг адабиётшунос сифатида ёзган “Талант ва ижод фалсафаси”, “Абадият лаҳзалари”, “Ҳайрат ва тафаккур” каби асарлари адабий ва илмий жамоатчилик эътиборига тушган. Маҳкам Маҳмудов таржимон сифатида Аристотелнинг “Поэтика” рисоласини, Балзакнинг “Сағри тери тилсими” романини, Андерсен эртаклари, Стефан Свейгнинг “Куйган кўнгил фарёди” новеллалар тўпламини (Ўткир Ҳошимов билан), Оскар Уайлднинг “Юлдуздан тушган бола”, “Садоқатли дўст” ҳикоялари ва бошқа асарларни ўзбек тилига ўгирган. Адабиёт олдидаги хизматлари учун унга “Эл-юрт ҳурмати” (1998) ордени берилган.

Тўлқин Тожиев (1936-2024)

Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиев эса шу йилнинг 13 декабрь куни 88 ёшда оламдан ўтди. У Ўзбек Миллий академик драма театри устоз санъаткори, ўзбек дубляж санъатининг қироли сифатида кўрилган. У қуйидаги фильмлардаги қаҳрамонларга дубляжда овоз берган: "Қилич ва қалқон", "Алвон елканлар", "Аҳмед қаерда?", "Аёз бобо", "И" операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари", "Аршин мол олон", "У замонлар ўтиб кетди", "Автомобилдан сақланинг", "Аловуддиннинг сеҳрли чироғи", "Кавказ асираси", "Финист сарлочин" Тожиев кинодаги роллари билан ҳам танилган: Журжоний ("Абу Али Ибн Сино"), Ҳаким ("Иккинчи баҳор"), Маҳмуд ("Маҳаллада дув-дув гап"), Қуддус ("Беш оғайнилар"), Омон ("Бу ердан чегара ўтади", 3 қисмли), Тоғаев ("Сиз кимсиз?"), Қодиров ("Қора балиқ изи", беш қисмли, "Ленфилм"), Ҳасанов ("Ҳаёт сенинг қўлингда") ва бошқалар. Шунингдек, у радиода "Табассум" эшиттириши, "Қармоқ" сатирик радиожурналининг бошловчиси сифатида танилган. Тўлқин Тожиев 1997 йилда "Дўстлик" ордени билан мукофотланган. 

Шафоат Раҳматуллаева (1941-2024)

Мана шу ўтган яқин кунларда яна бир эл суйган санъат вакиласи орамизни тарк этди. Ўзбекистон халқ артисти – театр ва кино актрисаси Шафоат Раҳматуллаева 24 декабрь куни 83 ёшида вафот этди. У кўп йиллар давомида театр соҳасида фаолият юритиб келган. Шунингдек, кинофильмларда турли ролларни ҳам ижро этган. Шафоат Раҳматуллаева мусиқий ва драматик ҳамда комедия, трагедия жанрларидаги спектаклларда ижод қилган: Майсара (Ҳамза, “Майсаранинг иши”), Нарзи (З. Фатхуллин, “Ватан ишқи”), Пошша хола, Зебо (М. Бобоев, “Қайдасан, жон болам”, “Ер томири”), Гонореля (У. Шекспир, “Қирол Лир”), Зуҳра (Абдулла Қаҳҳор, “Оғриқ тишлар”), Журден хоним (Молер, “Сохта оқсуяк”), Тош хола (Ж. Маҳмудов, “Аёллар фиғони”), Маъмура кампир (Жан Саррон, “Маъмура кампир”) каби роллари билан танилган. 1995 йил Пошша хола ва Маъмура кампир роллари учун йилнинг “Энг яхши аёл роли” соврини билан тақдирланган. 

Айтишимиз жоизки, бугун эслаб ўтган барча санъат ва маданият, адабиёт, илм-фан ва спорт мутахассисларини ўзбек халқи ҳеч қачон унутмайди. Уларнинг қилган ишлари ҳали кўп йиллар давомида Ўзбекистон санъатини, маданияти ва илм-фанини юксалишига қўл келади.

Жасмина Расулова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Унутмоқ осонмас сизларни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар