UNICEF Ливандаги болалар ўлими бўйича огоҳлантириш берди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси Ливандаги сўнгги вазият бўйича жиддий огоҳлантириш берди. Ташкилот маълумотига кўра, мамлакатда ҳар 24 соатда ўртача 11 нафар бола ҳалок бўлмоқда ёки жароҳат олмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги ҳарбий ҳаракатлар ва кучайган ҳужумлар оқибатида фуқаролар, айниқса болалар хавфсизлиги кескин ёмонлашаётганини англатади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

UNICEF расмий ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида Ливанда жами 77 нафар бола ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Ташкилот бу рақамлар Ливандаги гуманитар вазиятнинг ниҳоятда оғир эканини яққол кўрсатишини таъкидламоқда. Бундан ташқари, ўт очишни тўхтатиш келишуви бошланганидан – 16 апрелдан буён 55 нафар бола ҳаётдан кўз юмган, 212 нафари эса турли даражада жароҳат олган.

UNICEF вакили Рикардо Пирес вазият юзасидан баёнот бериб, барча томонларни ўт очишни тўхтатиш келишувига қатъий риоя қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормалари аниқ: болалар ҳамда фуқаролик инфратузилмаси ҳар қандай шароитда ҳимоя қилиниши шарт, аммо амалдаги вазиятда бу талаблар етарли даражада бажарилмаяпти.

Ҳисоботларда қайд этилишича, Исроилнинг Ливан ҳудудларига зарбалари давом этмоқда. Хусусан, жанубий ҳудудлардаги бир қатор шаҳар ва қишлоқлар ҳамда Байрутнинг жанубий чекка туманларида ҳам ҳужумлар содир бўлган. Баъзи ҳудудлар “жанговар зона” деб эълон қилингани вазиятни янада кескинлаштирган.

БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Ливандаги вазият юзасидан хавотир билдирган. Ташкилот маълумотига кўра, ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин ҳам соғлиқни сақлаш муассасаларига 27 та ҳужум қайд этилган. Бу ҳужумлар оқибатида 25 киши ҳалок бўлган ва 42 киши жароҳат олган.

Шунингдек, расмий маълумотларда 16 та шифохона ва 13 та бирламчи тиббий ёрдам марказлари зарар кўргани қайд этилган. Бу эса аллақочон оғир босим остида ишлаётган Ливан соғлиқни сақлаш тизимини янада заифлаштирмоқда.

Мутахассислар фикрича, тиббий инфратузилманинг зарарланиши ва болалар орасидаги қурбонлар сонининг ошиши Ливандаги гуманитар инқирознинг янги босқичга ўтганидан далолат беради. БМТ эса халқаро ҳамжамиятни зудлик билан чоралар кўришга, тинч аҳоли ва айниқса болаларни ҳимоя қилишни таъминлашга чақирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ўлим UNICEF бола

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг