UNESCO бутун дунё мактабларида смартфонларни тақиқлашга чақирди
Бу қизиқ
−
27 Июль 2023
4840БМТнинг таълим, фан ва маданият бўйича ташкилоти UNESCO бутун дунё бўйлаб мактабларда смартфонлардан фойдаланишни тақиқлашга чақирди. Бу ҳақда ташкилот расмий саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, UNESCO бундай қурилмалар ўқувчиларни ўқишдан чалғитиши, уларнинг руҳий саломатлиги ва шахсий маълумотлари хавфсизлигига оид муаммоларни келтириб чиқариши сабабли шундай хулосага келган.
Мазкур тавсиялар кеча, 26 июль куни эълон қилинган 2023 йилги таълим мониторинги бўйича глобал ҳисоботдан олинган бўлиб, унда мактабларда технологиядан фойдаланиш бўйича глобал сиёсат, гаджетлар ва ижтимоий медиа ёшларга қандай таъсир қилишига оид кўплаб тадқиқотлар таҳлил қилинган.
“Фақат ўрганишни қўллаб-қувватлашда аниқ роль ўйнайдиган технологияга мактабда рухсат берилиши керак”, дейилади хабарда.
Ҳисоботлар шуни кўрсатадики, ҳар тўрт мамлакатдан бирида дарс пайтида смартфондан фойдаланиш аллақачон тақиқланган. Масалан, Сингапур ва Бангладешда синфларда смартфонлардан фойдаланиш ман этилган, аммо мактаб миқёсида бундай чеклов йўқ. Францияда эса смартфонлар ўқитиш ва ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлаш учун қатъий равишда ишлатилади.
Бельгия, Испания ва Буюк Британияда олиб борилган тадқиқотларга кўра, ўқувчилардан телефонлар олиб қўйилганда уларнинг кўрсаткичлари яхшиланган, айниқса нисбатан паст ўзлаштирувчи ўқувчиларда.
“Кирувчи билдиришномалар ёки мобил қурилманинг ўқувчига шунчаки яқин туриши ҳам чалғитувчи омил бўлиши мумкин. Натижада ўқувчилар эътиборини топширилган вазифадан йўқотади”, дейилади ҳисоботда.
Унда айтилишича, инсон бир марта чалғиганидан сўнг диққатини қайта жамлаш учун унга яна 20 дақиқа вақт керак бўлади. Бу эса самарадорликнинг кескин тушиб кетишига олиб келиши мумкин.
Юқоридаги маълумотлар Кел Нюпортнинг “Диққат! Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари” номли китобида ҳам келтирилган.
UNESCO, шунингдек, ёшларда руҳий саломатлик инқирози шароитида смартфондан фойдаланиш ижтимоий муносабатлар ва руҳий саломатликка таъсир қилишидан ҳам огоҳлантирган.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг 2018 йилги тадқиқотига кўра, Америкадаги 11 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўртача тўққиз соат вақтини гаджет экрани олдида ўтказган. 15 ёшдан 18 ёшгача бўлганларда эса бу миқдор 7,5 соатни ташкил қилган.
Буюк Британияда ўтказилган яна бир тадқиқотда эса кунига атиги икки соат давомида смартфондан фойдаланиш депрессив аломатлар, таълим сифатининг пасайиши, уйқунинг бузилиши ва саломатлик билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкинлиги айтилган.
Бундан ташқари, смартфонлардан фойдаланиш ўқувчилар хавфсизлиги учун яна бир таҳдид – кибербуллингга (онлайн безорилик) йўл очиши мумкинлиги таъкидланган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда амалдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари”га кўра, дарс жараёнида қулоқчинлар орқали уяли алоқа воситалари ва турли хил аудио қурилмалардан фойдаланиши, дарс жараёнини уяли алоқа воситасининг камераси орқали суратга олиш ман этилган. Таълим муассасаси ҳудудида ҳар бир ўқувчи ўз уяли алоқа воситаларини ўчириб қўйиши, педагог ва техник ходимлар ҳамда ташриф буюрувчи бошқа шахслар ўз уяли алоқа воситалари қурилмаларининг чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши (“Овозсиз” ҳолатга ўтказиши) шартлиги белгилаб қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сонли қарори билан тасдиқланган “Таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари) бошланишидан олдин таълим олувчилар телефонини ўчириб қўйиши ҳамда сумкасига солиб қўйиши шарт. Ўқувчилар учун, шунингдек, телефонни бўйинга осиб юриш, чўнтакларда сақлаш, дарс вақтида стол устига қўйиш, таълим муассасаси ҳудудида уни қувватлантириш ҳам тақиқланган.
Огоҳлантирилишига қарамасдан, дарс жараёнида телефондан фойдаланиш ҳолатлари давом этган тақдирда синф раҳбари ва муассаса раҳбарияти ўқувчининг телефонини (смартфон, планшет ва бошқа қурилмалар) ўрнатилган тарзда олиб қўяди, ҳолат юзасидан ўқувчининг ота-онаси огоҳлантирилади. Ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан тушунтириш ишлари олиб борилганидан сўнггина телефон уларга қайтариб берилади. Шундай ҳолат ўқув йили давомида такрорланса, ўқувчи ички ишлар органларининг профилактик рўйхатига олинади.
LiveБарчаси