Умурзоқов маишатбоз ҳокимларни тилга олди
Жамият
−
27 Сентябрь 2022
26627Аввал хабар берганимиздек, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида танқидий йиғилиш ўтказилмоқда. Унда Умурзоқов оёғи ердан узилган раҳбарлар ва маишатбоз ҳокимларни танқид қилди.
“Ўрганишлар натижаси ва бизга турли манбалардан етиб келган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим вазирлар ва ҳокимларнинг оёғи ердан узилиб қолган.
Баъзи вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлик ёки идораларнинг масъул раҳбарлари ўзларини гўё хонлардек тутиб, тўрачилик кайфиятига берилиб кетганлар”, дейди Администрация раҳбари.
Унинг қайд этишича, бугунги замонда ҳеч бир мутасаддининг юриш-туриши назардан четда қолмайди.
“Бундай хунук ҳолатларни фақат биз эмас, бутун халқимиз, кенг жамоатчилик кўриб-билиб турибди. Жамият уйғонган, жамоатчилик назорати кучайган бугунги замонда ҳеч бир мутасаддининг юриш-туриши назардан четда қолмайди.
Ҳурматли Президентимиз юксак ишонч билдириб айтган “Ҳокимлар менинг вакилим” деган сўзларини суиистеъмол қилиб, бундай шарафли масъулиятни унутган ҳокимларни, халқни алдаш, маишатбозлик қилиш, ислоҳотларга беписанд қараш билан кун ўтказаётган масъул шахсларни ким деб аташ мумкин?”, дейди Умурзоқов.