Умумий овқатланиш корхоналарининг 524 тасида таомнома ўзбек тилида эмас – Рақобат қўмитаси
Жамият
−
21 Октябрь
3231Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси текширган республикада фаолият юритаётган 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналаридан (ресторан, кафе, ошхона ва буфет) 524 тасида таомнома ўзбек тилида эмас. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қўмитага жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан умумий овқатланиш корхоналарида кўрсатилаётган хизматларда санитария-гигиена талаблари бузилаётганлиги, нархларни ошириб қўллаш ҳамда таомномаларнинг давлат тилида тақдим этилмаётганлиги юзасидан 250 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Рақобат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда республикада фаолият юритаётган 700 га яқин овқатланиш корхоналарида танланма асосида ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишларда умумий овқатланиш субъектлари томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда овқат тайёр бўлиш вақти, нархи ва тўлаш шартлари ҳақида тўғри тушунарли маълумот тақдим этмаслик, таомномаларда тайёр овқатларнинг ҳажмлари кўрсатилмаганлиги, йўл бўйидаги санитар қоидаларига номувофиқ жойларда овқат тайёрлаш, тайёр овқатни етказиб бериш, ташиш ва сақлашдаги муаммолар маълум бўлган.
Шунингдек, ўрганиш ишларида қамраб олинган 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг:
- 524 тасида - (75%) таомнома давлат тилида эмас;
- 480 тасида - (69%) иш режими кўрсатилмаган;
- 449 тасида - (65%) нархномалар мавжуд эмас;
- 429 тасида - (62%) автотураргоҳлар мавжуд эмас;
- 519 тасида - (74,6%) фавқулодда вазиятлар учун чиқиш йўлаклари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Билдирилишича, Рақобат қўмитаси томонидан юқоридаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси) тегишли тартибда маълумотлар киритилган.
“Ҳурматли истеъмолчилар! Умумий овқатланиш корхонаси томонидан юқоридаги келтириб ўтилган талаблар бузилишига дуч келиб, ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда, Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақамига мурожаат қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси