Умрага юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан минглаб доллар олганлар ушланди
3-саҳифа
−
12:41 364 2 дақиқа
Навоий, Наманган ва Фарғона вилоятларида фуқароларни ноқонуний равишда Умра зиёратига юбориш эвазига пул олган 3 киши ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган шахс икки нафар фуқарони Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан 2,5 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган. У туристик фирмаларда ишлайдиган танишлари орқали зиёратни ташкил этишини айтган.
Наманган шаҳрида эса 1981 йилда туғилган фуқаро ўзини туристик фирма вакили сифатида таништириб, 3 кишини Умрага юбориш учун жами 3 150 доллар талаб қилган. У олдиндан 1 100 долларни олган вақтида ушланган. Маълум бўлишича, мазкур шахс аввал ҳам бир неча бор фирибгарлик жинояти учун судланган ва айни пайтда пробация назорати остида бўлган.
Шунингдек, Қўқон шаҳрида туристик фирма раҳбари ҳам қўлга олинган. У Умра зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда икки нафар фуқарони юбориш эвазига 2 300 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳолатлар юзасидан барча 3 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Уларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) тегишли қисмлари билан айбловлар қўйилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида 3 нафар фуқарони тегишли рухсатномага эга бўлмаган турфирма орқали Умра зиёратига юборишни ваъда қилган шахс 3 300 доллар ва 1,2 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси