Умрага юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан қарийб 7 минг доллар олганлар ушланди
3-саҳифа
−
11:08 439 2 дақиқа
Самарқанд ва Гулистон шаҳарларида фуқароларни ноқонуний равишда Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан 6 995 доллар олган икки шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Самарқанд шаҳрида ички туризм соҳасида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ишчиси тегишли лицензия ва рухсатномага эга бўлмаган ҳолда, 3 нафар фуқарони Умра зиёратига юборишини айтиб, эвазига ҳар бири учун 1200 АҚШ долларидан, жами 3600 АҚШ доллари талаб қилгани аниқланган.
Тезкор тадбир давомида мазкур шахс 3600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай ҳолат Гулистон шаҳрида ҳам кузатилган. Унда 1974 йилда туғилган шахс Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи турфирма орқали 3 нафар фуқарони муқаддас диний амалларни бажариш учун Саудия Арабистонига ноқонуний юбориш эвазига жами 3300 АҚШ доллари ва 1,2 миллион сўм олган вақтида ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда тегишли лицензияга эга бўлмаган сайёҳлик фирмаси ходими тўрт кишини Саудия Арабистонига Умра зиёратига юбориш эвазига 5 минг доллар олган вақтида қўлга олинган эди.
Live
Барчаси