Умид бор, аммо ишонч… “Оқ бўрилар”мўъжиза кўрсатадими?
Таҳлил
−
18:28 3687 5 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этиб, мамлакат футболи тарихида янги саҳифа очди. Саралаш босқичида ишончли ўйин кўрсатган ва Осиёнинг энг барқарор жамоаларидан бири сифатида мусобақага йўл олган “Оқ бўрилар” энди гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи учрашувига тайёргарлик кўрмоқда.
Тошкент вақти билан 28 июнь куни тонг саҳарда АҚШнинг Атланта шаҳридаги “Мерседес-Бенц” стадионида Ўзбекистон Конго ДР билан майдонга тушади. Ушбу баҳс ҳар икки жамоа учун ҳам плей-офф тақдирини ҳал қилувчи баҳс бўлиши аниқ.
Қийин бошланган Жаҳон чемпионати
Ўзбекистон мусобақадаги биринчи ўйинида Жанубий Американинг кучли ва тажрибали жамоаси Колумбияга қарши майдонга тушганди. Терма жамоа айрим эпизодларда муносиб қаршилик кўрсатган бўлса-да, рақибнинг юқори индивидуал маҳорати ўз сўзини айтди ва баҳс 3:1 ҳисобида Колумбия фойдасига ҳал бўлди.
Иккинчи турда эса, дунёнинг энг зўр ўйинчиларидан бири бўлган Криштиану Роналду бошчилигидаги европаликлар Ўзбекистон ҳимоясига жиддий босим ўтказиб, 5:0 ҳисобида йирик ғалабага эришди. Бу натижа нафақат очколар жиҳатидан, балки тўплар нисбати бўйича ҳам Ўзбекистоннинг имкониятларини мураккаблаштириб юборди.
Икки турдан сўнг, Колумбия 6 очко билан плей-офф масаласини ҳал қилган бўлса, Португалия 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Конго Демократик Республикаси ҳисобида 1 очко мавжуд, Ўзбекистон эса ҳозирча очко ишлай олмаган ҳолда гуруҳда тўртинчи ўринда бормоқда.
Орзуларга интилаётган Конго ДР
Конго ДР ҳам сўнгги тур олдидан оғир вазиятга тушиб қолган. Африкаликлар биринчи турда Португалия билан дуранг ўйнаб, кейинги баҳсда Колумбияга минимал ҳисобда мағлуб бўлди. Агар Атланта шаҳрида бўлиб ўтадиган учинчи тур учрашувида Конго ДР Ўзбекистонни мағлуб этса, энг яхши учинчи ўринни эгаллаган жамоалардан бири сифатида 1/16 финалга йўлланмани қўлга киритади.
Шу сабабли жамоа бош мураббийи Себастьен Десабр жамоаси эҳтиёткор тактикани четга суриб, Ўзбекистонга қарши фақат ғалаба учун ҳужумкор футбол намойиш этишини маълум қилди.
“Биз Конго учун Жаҳон чемпионатидаги илк очкони қўлга киритганимиздан мамнунмиз. Жамоамиз яхши йўлни босиб ўтди ва биз бутун конголиклар учун орзу ҳамда бу тарихни давом эттиришимиз мумкин. Футболчиларимиз бу чақириққа тайёр. Илк икки учрашувдан кейин тақдиримиз ўз қўлимизда қолиши учун бизга камида бир очко керак эди. Энди эса ғалаба шарт, шунинг учун таваккал қилишимизга тўғри келади”, деган Дезабр матбуот анжуманида.
Жамоанинг асосий ҳужум кучи Англия Премьер-лигасида тўп сураётган Йоан Висса бўлиб, у ушбу Жаҳон чемпионатида Конгонинг португаллар дарвозасига урилган ягона голига муаллифлик қилди. Шунингдек, тажрибали ҳужумчи Седрик Бакамбу ҳам ҳар қандай ҳимоя учун жиддий хавф туғдира олади. Табиийки, кутилаётган сўнгги тур баҳси улар учун орзулари йўлидаги сўнгги умид бўлиши турган гап.
Конго ДРнинг фақат ғалаба учун ҳужум қилишга мажбур экани Ўзбекистон учун ҳам муайян имкониятлар яратиши мумкин. Аввалги икки учрашувда рақиблар асосан тўпни назорат қилиб ўйнаган бўлса, бу гал майдонда нисбатан очиқ футбол бўлиши кутилмоқда. Бу эса жамоадаги нисбатан тезкор футболчилар учун қарши ҳужумларда қулай шароит яратиши мумкин. Ҳимоя эса яна синалади.
Хўш, имконият борми?
Назарий жиҳатдан – ҳа. Сўнгги натижаларга назар ташланса, ҳар икки жамоа ҳам идеал формада эмас. Эътиборли жиҳати, Конго ДР иштирокидаги сўнгги тўрт учрашувнинг барчасида умумий ҳисобда учтадан кам гол қайд этилган. “Ўқ бўрилар” эса охирги олти ўйинда жами 6 та гол уриб, 13 та ўтказиб юборди. Жамоа барча голларини доим рақибдан сўнг иккинчи бўлиб урган.
Бироқ Ўзбекистон учун вазифа жуда мураккаб. Аввало, Конго ДРни албатта мағлуб этиш лозим. Мағлуб этганда ҳам 7+ голлар нисбати билан мағлуб этиши керак. Қийин масала, лекин математик жиҳатдан имкони бор масала. Бахтга қарши, бошқа гуруҳлардаги натижалар ҳам Ўзбекистон фойдасига тескари шаклланди. Португалиядан қабул қилинган 5 та жавобсиз гол эса тўплар нисбати бўйича жиддий салбий омилга айланган. Шу боис ҳатто ғалаба ҳам автоматик равишда кейинги босқич йўлланмасини кафолатламайди.
Қоғозда қаралса, Конго ДР маълум даражада фаворит ҳисобланади. Жамоа таркибида Европа чемпионатларида ўйнайдиган бир қатор тажрибали футболчилар мавжуд. Бироқ психологик босим ҳар икки жамоада ҳам бир хил. Ўзбекистон учун энг муҳим вазифа ҳар доимгидек ҳимояда хатоларни камайтириш ва қарши ҳужумлардан максимал даражада самарали фойдаланиш бўлади.
Муҳими бир поғона ўсиш
Агар “Оқ бўрилар” ўйин интизомини сақлай олса, биринчи бўлиб голни ўтказиб юбормаса ва ўз имкониятларидан унумли фойдаланса, тарихий ғалабани қўлга киритиш имконияти мавжуд. Бироқ бу ерда асосий масала кейинги босқичга чиқиш эмас, гап ғалабада. Миллий терма жамоанинг нуфузли турнирдаги илк иштирокида биринчи ғалабасини қўлга киритиши йигитлар учун айниқса руҳий жиҳатдан муҳим масаладир.
Бош мураббий Фабио Каннаваро ЖЧ гуруҳ босқичи сўнгги туридан ўрин олган баҳсда ғалаба қозониш учун майдонга чиқишини айтиб, аслида жамоа учун энг муҳим бўлган нарсани таъкидлаб ўтди. Мураббийнинг айтишича, Жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоаси учун катта тажриба мактабига айланмоқда.
“Биз бу турнирда жуда кўп нарсани ўрганяпмиз. Жамоа сифатида ўсишимиз мумкин, чунки юқори даражадаги рақибларга қарши ўйнаяпмиз. Эртанги баҳс ҳам ривожланишимизга хизмат қилади”, деган Каннаваро.
Жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам асосий мақсад турнирдаги илк ғалабани қўлга киритиш эканини таъкидлади.
Умуман олганда, бу ҳам тўғри ёндашувдир. Пучга чиқаётган имкониятларни санаш даври ўтди. Энди муҳимроқ нарсалар учун, тажриба ва завқланиш учун ҳам ўйнаш, босимдан қутулиш ва ўзини топиш мақсадида ҳаракат қилиш “Оқ бўрилар” учун энг муҳимидир.
Live
Барчаси