Келишиб олган Путин ва Эрдўған, Франция парламентига кириб борган коронавирус – воқеа-ҳодисалар дайжести
Бу қизиқ
−
06 Март 2020
5313Жаҳон янгиликлари
Россия. Президентлар Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўған олти соат давом этган музокаралардан сўнг, Суриянинг Идлиб вилоятида жангларни тўхтатиш тўғрисида келишиб олди. Шартнома лойиҳаси икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари томонидан эълон қилинди. Идлиб деэскалация зонасида жанглар 6 март куни ярим тунда тугаши керак. Бундан ташқари, Москва ва Aнқара М-4 автомагистрали бўйлаб, унинг шимолий ва жанубидан олти километр масофада хавфсизлик йўлагини ташкил қилмоқда ва ушбу ҳудудда 15 мартда биргаликдаги патруллик бошланади.
Бразилия. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Венесуэланинг Каракас, Сьюадад Гуайана ва Санта-Элена де Уайрендаги 15 нафар дипломат ва дипломатик вакилни чақириб олади. ТИВ тўрт дипломатни ва Бразилиянинг Венесуэладаги элчихоналари ва консулликларини 11 ходимини "ишдан бўшатади". Бразилия Президенти Жаир Болсанурунинг таъкидлашича, икки мамлакат дипломатик алоқаларига путур етган. Бу ҳолатнинг аниқ сабабаига эса тўхталиб ўтмаган.
Исроил. Мамлакат Мудофаа вазири Нафтали Беннетт коронавирус тарқалиши хавфи туфайли Фаластиннинг Байтлаҳмига кириш ва чиқишни тақиқлади. Кеча, 5 март куни кечқурун Исроилда инфекцияга чалинганлар сони 17 нафарга етди. Шунингдек, ҳукумат Aндорра, Сан-Марино, Италия, Испания, Франция, Швейцария, Aвстрия, Германия, Япония, Жанубий Корея, Таиланд, Сингапур, Хитой, Гонконг ва Макао фуқароларини мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади.
Арманистон. Кеча, 5 март куни Ереван Бокуни Aрманистоннинг Тавуш вилояти чегара ҳудудини бир неча кун давомида ўққа тутишда айблади. Озарбойжон Давлат чегара хизмати 5 март куни Aрманистоннинг Тавуш вилояти билан чегарадош Газах вилоятининг Гушчу Aйрим қишлоғи яқинидаги жанговар пунктида ўз ҳарбий хизматчисининг ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Бокунинг таъкидлашича, арманлар томонидан отилган снайпер ўқи қоибатида чегара қўриқчиси ҳалок бўлган.
Франция. Шифокорлар оғир аҳволда касалхонага ётқизилган Франция Миллий мажлиси (парламенти) депутатида коронавирус инфекциясини тасдиқлади. Бемор ҳамкасбларининг сўзларига кўра, 68 ёшли Жан-Люк Рейцер Мюлуз шаҳри шифохоналаридан бирига жойлаштирилган. У сўнгги бор парламент йиғилишида 25 февраль куни қатнашган. Бундан ташқари, коронавирусга парламент ошхонасида ишлайдиган ходим ҳам йўлиққан. У айни пайтда уй шароитида карантинда сақланмоқда.
Туркия. Мамлакат мудофаа вазирлиги кеча, 5 март куни Суриянинг Идлиб шаҳрида яна икки турк аскари ҳалок бўлганини маълум қилди. "Баҳор қалқони” операцияси вақтида икки нафар ҳарбий ўртоғимиз ҳалок бўлди. Яна уч киши яраланди”, дейилади вазирлик баёнотда.
Янги Зеландия. Мамлакатнинг Тауранга шаҳрида дельфинларни томоша қилаётган йўловчилар ва кема экипажи аъзолари кит-акулани кўриб қолди. Ушбу балиқ дунёдаги энг йирик акула бўлиб, унинг узунлиги 18 метргача етиши мумкин. Улар гувоҳ бўлган кит-акуланинг узунлиги 10 метр атрофида бўлган. Балиқ кема атрофини 30 дақиқача айланган. Ушбу турдаги акулалар йиртқич ҳисобланмайди, улар планктонлар билан озиқланади.
Ўзбекистон янгиликлари
Вазирлар Маҳкамасининг “Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, бу рўйхатга Электрон технологияларини ривожлантириш маркази ҳам қўшилди.
Футбол хабарлари
Кеча, 5 март куни Англия Кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган сўнгги ўйин якунланди. Унда “Манчестер Юнайтед” сафарда “Дерби Каунти” меҳмони бўлди. Қизиқарли кечган баҳсда “қизил иблислар” 0:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Киритилган тўпларга Шоу ва Игало (2) муаллифлик қилди. “МЮ” чоракфиналда “Норвич” билан меҳмонда тўқнаш келади.
Бразилия терма жамоаси таркибида 2002 йил жаҳон чемпиони бўлган Роналдиньо Парагвайга кириш учун сохта паспорт ишлатганликда гумон қилинди ва прокуратурада саккиз соатлик кўрсатмадан сўнг озод қилинди. Футболчининг адвокати Aдольфо Маринанинг сўзларига кўра, унинг мижозида ҳаракатланиш чекловлари йўқ, аммо собиқ футболчининг ўзи бу ишнинг барча ҳолатларини аниқлаштириш учун Парагвайда қолишга қарор қилган.
LiveБарчаси