11 майдан Туркияда айрим карантин чекловлари бекор қилиняпти
Олам
−
05 Май 2020
5030Туркияда коронавирус пандемияси сабаб ўрнатилган чекловларни юмшатиш бошланяпти. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Эрдўған Туркияда коронавирусдан соғаяётганлар “геометрик прогрессда ўсаётганини” таъкидлади. У шунингдек, мамлакати бутун дунёда бўлгани каби, пандемия билан курашда энг оғир нуқтадан ўтганини қўшимча қилди.
Туркия етакчиси, мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун жорий қилинган тақиқлов чоралари аста-секин юмшатилишини маълум қилди.
“Тақиқловлар май, июнь ва июль ойларида босқичма-босқич бекор қилинади ва якунланади”, деди Эрдўған.
Унинг сўзларига кўра, 11 майдан Туркияда сартарошхоналар ва савдо марказлари очилади. 10 майдан 65 ёшдан катталарга кунига 4 соат ташқарига чиқишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, аввал уйдан чиқиши тақиқланган 20 ёшгача бўлганлар учун ҳам карантин чораларини юмшатиш кўзда тутилган. Хусусан, 14 ёшгача бўлган болалар 13 майдан соат 11:00 ва 15:00 оралиғида кўчага чиқиши мумкин. 15-20 ёшдагиларга 15 майдан худди шу вақт оралиғида кўчага чиқишига рухсат берилади.
Кеча, 4 майдан эътиборан 7 та вилоятдаги шаҳарларга кириш-чиқиш учун ўрнатилган чекловлар олиб ташланди. Булар Анталия, Айдин, Эрзурум, Ҳатай, Малатя, Мерсин ва Муғла вилоятлари.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Туркияда ҳаётнинг жонлана бошлаши у ерда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларига моддий аҳволини яхшилаб олиши учун имконият беради. Ҳар икки мамлакатнинг ҳаво ҳудудлари ёпиб қўйилиши натижасида минглаб ўзбекистонлик Туркиядан Ўзбекистонга қайтолмай қолганди.
Аввалроқ, Туркияда коронавирус тарқалиши чўққига чиққани ҳақида хабар берган эдик. Шу даврда мамлакатда коронавирус юқтирганларнинг 6 фоизини тиббиёт ходимлари ташкил қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 127 659 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 3461 нафари вафот этган ва 68 166 нафари соғайган.