Каримованинг Швейцарияда “музлатилган” миллионларининг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилади
Олам
−
24 Июнь 2019
6661Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатиб қўйилган пулларининг 130 миллион франки (133 млн доллар) Ўзбекистонга қайтарилади. Бу ҳақда Швейцария Бош прокуратураси хабар берди.
Олти йилдан бери давом этаётган мураккаб тергов ишида прокуратура пулларнинг Ўзбекистонда фаолият юритишни истаган ва у ерда бизнесига эга компаниялардан коррупцион йўл билан тўплангани ва мамлакатдан олиб чиқилгани бўйича далиллар топган. Шу сабабдан музлатилган пулларнинг 130 млн франкини қайтаришга қарор қилинган.
Бу пуллар Гулнора Каримованинг қариндошига нисбатан тергов жараёнида мусодара қилингани таъкидланган. Судланган шахс Швейцарияда 2004-2013 йилларда фаол бўлган, турли компаниялар номидан банк ҳисоблари очган, кейинчалик бу ҳисоб рақамлари ўтказилган маблағларни яширишда фойдаланилган.
У пулларнинг Гулнора Каримовага эканини яшириш мақсадида сохта банк ҳужжатлари тайёрлаган. Текширувлар давомида бу шахсга 390 минг франк миқдоридаги жарима қўлланган. Бундан ташқари, прокуратура 130 миллион франкдан ортиқ маблағни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида мусодара қилган.
Айни вақтда Швейцарияда бу иш доирасида яна 5 нафар гумонланувчи терговда бўлиб турибди, уларнинг ҳисобларидаги 650 миллион франкдан ортиқ маблағ ҳам музлатилган.
Аввалроқ, Гулнора Каримова 6 йилда илк бор Ўзбекистон халқига мурожаат йўллаб, кечирим сўрагани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, Швейцария банкларида Гулнора Каримованинг 800 млн франк пули музлатиб қўйилган. Унга яқин-яқингача учта даъвогар бор эди. Биринчиси, Ўзбекистон халқи. Иккинчиси, Zeromax компаниясининг асл эгаси Гулнора Каримова эканини иддао қилувчи хорижлик кредиторлар. Улар компания касотга учраганда ўз маблағларини йўқотган. Шунинг учун Каримова пулларидан ҳисса талаб қилади. Учинчиси, ҳар тошнинг тагидан чиқиб келувчи АҚШ. Қўшма Штатлар Каримова ўзининг барча коррупцион тизимини доллар орқали амалга оширганини айтиб, музлатилган пуллардан улуш олишга ҳаракат қилади.
Жорий йилнинг январь ойида Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи асли келиб чиқиши афғонистонлик бўлган АҚШ фуқароси Мансур Мақсудий Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган пулларининг бир қисмига даъвогарлик қилишини маълум қилди. Мансур Мақсудий укаси Фарид билан биргаликда Швейцария прокуратураси музлатиб қўйган 800 миллион франкдан 100 миллионига даъвогарлик қиляпти.