“Улкан жанжал яқинлашмоқда”. Назарбоевнинг Путин билан учрашуви АҚШдаги жиноят иши билан боғланди
Олам
−
10:52
16955Қозоғистон Мажлиси депутати Эрмурад Бапи мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг Россия етакчиси Владимир Путин билан учрашувини АҚШда тайёрланаётган янги “Қозоқгейт-2” жиноят иши билан боғлади. Бу ҳақда у “Elmedia” лойиҳаси эфирида сўз очди.
“Менинг маълумотимга кўра, Америка Қўшма Штатларида 'Қозоқгейт-2' номли янги улкан жанжал яқинлашмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги бир вақтлар АҚШ фуқаролари, компаниялари, суғурта ташкилотлари ва экспертлар каби субъектлар хизматидан фойдаланган глобал клептократларга қарши янги жиноят ишини тайёрламоқда. Агар ушбу клептократлар АҚШ субъектлари хизматларидан фойдаланган бўлса, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Менда бундай махфий маълумот бор”, деди Бапи.
Депутатнинг фикрига кўра, бошқа мамлакат миллий қонунларини бузган бўлса, собиқ раҳбарни ҳеч қандай кафолат қутқара олмайди.
“Менимча, собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг Кремлга, Путиннинг ҳузурига сафар қилиши ва Қозоғистон Республикасининг давлат сирларига оид янги қонун нормасини жорий этиш бўйича ҳаракатлари ана шу яқинлашаётган жанжал билан боғлиқ. Биз фақат Пандора қутиси қачон очилишини, аниқроғи портлаб кетишини кутишимиз керак”, дейди Бапи.
Шунингдек, депутат собиқ президентлар ва уларнинг оилалари ҳақида соғлиғи ва шахсий ҳаётга оид маълумотларни давлат сири деб эълон қилиш бўйича янги тузатмаларга қарши эканини билдирган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 14 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путиннинг Ново-Огарёводаги қароргоҳида Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевни қабул қилгани маълум бўлди. Аммо учрашувнинг тафсилотлари очиқланмаган.
“Қозоқгейт” – бу халқаро коррупция можароси бўлиб, 1990 йилларнинг охири ва 2000 йиллар бошида Қозоғистонда юқори даражадаги коррупция айбловлари билан боғлиқ. Бу можаро Ғарб нефть компаниялари томонидан Қозоғистон мулозимларига нефть конларига кириш ҳуқуқи учун пора тўлаганликлари ҳақидаги даъволарни ўз ичига олади. Ушбу ишнинг асосий айбланувчиси америкалик банкир ва юрист Жеймс Гиффен бўлган.
LiveБарчаси