Ўликлар шаҳри: дунёдаги энг катта қабристон
Бу қизиқ
−
22 Февраль 25807 3 дақиқа
Дунё халқларининг дафн маросимлари бир-биридан буткул фарқ қилса-да, қабристонлар деярли бир хил. Фақат улар ландшафти, диний қўшимча ёки шу каби бошқа ташқи жиҳатлари билан фарқланиши мумкин. Дунёда шундай қабристон борки, унда дафн этилганлар сони баъзи мамлакатлар аҳолисидан ҳам кўп. Гап “ўликлар шаҳри” деб ҳам аталадиган Боғдод яқинидаги Вади ас-Салом қабристони ҳақида бормоқда.
У қаерда жойлашган?
Вади ас-Салом қабристони (маъноси: тинчлик водийси) Ироқнинг Нажаф шаҳрида жойлашган. Ушбу қабристон бутун шиа олами вакиллари учун алоҳида аҳамият касб этади –муборак зиёрат маскани. Чунки у ерда Муҳаммад пайғамбарнинг куёви Али ибн Абу Толиб зиёратгоҳи қад ростлаган. Қолаверса, кўплаб шиа намояндалари қабрлари ҳам шу ерда. Шунинг учун кўпчилик шиа мусулмонлари Вади ас-Саломда дафн этилишни хоҳлайди ва буни шараф деб билади. Бу ерга дафн этиш учун бошқа мамлакатлардан ҳам жасадлар олиб келинади.
Қабристон майдони 917 гектарни ташкил қилади, бу эса Нажаф шаҳри ҳудудининг 13 фоизига тенг демакдир. Вади ас-Салом дунёдаги майдони энг катта қабристон ҳисобланади ва бу учун Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган.
Унда қанча одам “яшайди”

Вади ас-Саломда қарийб 6 миллиондан ортиқ қабрлар мавжуд ва бу Сингапур, Дания ёки Ливан давлатлари аҳолисидан ҳам кўпроқ. Бунинг сабабларидан бири қабристоннинг деярли 1,4 минг йилдан буён фойдаланишда экани бўлса, бошқа томондан Ироқнинг кўплаб урушларга дучор бўлганидир. “Аl Jazeera” нашрининг 2019 йилдаги маълумотига кўра, Вади ас-Салом қабрлари сафига ҳар йили ўртача 50 минг янги қабрлар қўшилади.

2003 йил 20 мартда АҚШ ва Буюк Британия бошчилигида тузилган кўп миллатли коалиция кучлари бостириб кириши билан бошланган Ироқ уруши 2011 йил 15 декабрда Бағдоддаги АҚШ базасида охирги Америка байроғининг туширилиши билан якунланди. USA Today газетаси маълумотига кўра, қарийб 8 йил давом этган бу уруш вақтида Вади ас-Салом қабрлари сони кунига 200-250 тага кўпайган. Нашр билан суҳбатлашган гўрков урушнинг баъзи кунлари дам олмасдан қабр қазишга мажбур бўлгани ҳақида гапирган.

Аммо бу Ироқ бошдан кечирган ягона мудҳиш кунлар эмас. Бунгача мамлакат икки йирик уруш ва қаттиққўл ички тизим оқибатида кўплаб йўқотишга учраган. Масалан, 1980 йилда Ироқ ва Эрон ўртасида узоқ йиллик уруш бошланган ва баъзи маълумотларга кўра, унда жами 1,5 миллион одам ҳалок бўлган. Шундан сўнг, Ироқ ва Қувайт ўртасида содир бўлган уруш ва мамлакат ичида кўп йиллик “тинчликни сақлашга қаратилган операция”лар оқибатида ҳам кўпгина ироқликлар ҳалок бўлган ва қабрлар сони кенгайиб борган.
Хорижий ОАВ хабарларига кўра, 2011 йилдан буён аҳвол анча ўнгланган.
Уруш майдонига айланган “Тинчлик водийси”
1979 йилдан 2003 йилгача Ироқни бошқарган Саддам Ҳусайн даврида шафқатсиз бостирилган Кўрфаз урушидан кейинги қўзғолонларда ҳам, АҚШ билан кечган урушда ҳам Вади ас-Салом одамларга яшириниш учун жой вазифасини ўтаган.

Оқибатда қабристон жанг майдонига айланган ва анчагина талафот кўрган. Вади ас-Салом 2011 йилда UNESСО рўйхатидаги маданий мерослар қаторига киритилган. Ташкилот ахборотига кўра, қабристонда мавжуд кўплаб мақбаралар остида 50 дан ортиқ инсон қолдиқлари жамланган. Бунга фавқулодда ҳолатлар ва қолаверса, жой етишмовчилиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Қабристон бу фақатгина инсон жасади қўйиладиган жой эмас, балки хотира, тарих ва ҳаётнинг узвий давоми сифатида қараладиган маскандир. Ҳар битта қабр бир инсон ҳаётининг якуни бўлса-да, жамиятда унинг таъсири бардавом.
Live
Барчаси