Украинанинг “катта оғаси” ҳарбий кемалар билан Россиянинг биқинига жойлашмоқчи
Олам
−
09 Апрель 2021
16339Туркия Монтрё конвенцияси иштирокчиларига АҚШ ҳарбий кемаларининг Ўрта ер денгизидан Қора денгизга ўтиши тўғрисида хабарнома юборди. Бу ҳақда бугун, 9 апрель куни ТАСС Россиянинг Туркиядаги элчихонасига таяниб ёзмоқда.
“Туркия [Монтрё] конвенциясига мувофиқ унинг иштирокчиларига ҳарбий кемаларнинг Ўрта ер денгизидан Қора денгизга ўтиши тўғрисида хабарнома юборди”, дейди агентлик манбаси.
Россия иштирок этган 1936 йилдаги Монтрё Конвенциясига кўра, Туркия Қора денгиз бўйи давлатларини денгизга ҳарбий кема киришидан аввал огоҳлантириши керак.
Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, АҚШнинг иккита ҳарбий кемаси 14 ва 15 апрель кунлари Ўрта ер денгизи билан Қора денгизни боғлаб турувчи Босфор орқали ўтади ва у ерда 4-5 майга қадар қолади.
Кеча, 8 апрель куни CNN телеканалининг АҚШ Мудофаа вазирлигидаги манбасига асосланиб маълум қилишича, АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашини намойиш этиш учун Қора денгизга яқин ҳафталарда ҳарбий кемаларини юбориш ҳақида ўйламоқда.
Манбага кўра, АҚШ ҳарбий-денгиз флоти у ерга ўз денгиз кучларини мунтазам равишда жўнатиб туради, аммо ҳозирги пайтда бундай қадам Россия Федерацияси учун “махсус сигнал” вазифасини ўтайди. Шунингдек, Америка раҳбариятининг бундай чоралар кўриши Россиянинг Украина билан чегара ҳудудларда ўз кучларини тўплаши билан боғлиқ.
Донбассдаги кескинлашув
Сўнгги кунларда Россия ва Украина ўтрасидаги Донбассда ҳарбий ҳаракатлар фаол ҳолатга келиб қолган. Россия ушбу ҳудуд билан чегарада ўз ҳарбий кучини тўпламоқда.
Бу эса ўз навбатида Украина ва Ғарб давлатлари томонидан хавотирлар билан кутиб олинди. Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков эса “Россия қўшинларининг мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши бошқа давлатларни безовта қилмаслиги керак, чунки бу уларга ҳеч қандай таҳдид солмайди”, дея таъкидлади.
LiveБарчаси