Украиналикларнинг Россияга киришига 50 йилгача тақиқ қўйилмоқда

Олам

image

Украиналикларнинг Россияга киришга уриниши 20 йилдан 50 йилгача бўлган муддатга оммавий тақиқлар олишга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда 7 300 дан ортиқ аъзоси бўлган “Шереметево рад этилганлар” чатининг аъзоларига таяниб, “The Moscow Times” хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги бир неча ой ичида ўнлаб одамлар рад жавоби олганини билдирган ва бу ҳолат тизимли характерга эга эканини таъкидлаган. Хусусан, чат аъзоси Анна Россияга боришга уринганини, бироқ 20 йиллик тақиқ олганини айтган. Александр ва Виталий ҳам февраль ва март ойларида 50 йиллик тақиққа учраганини ёзган. Кирилл исмли яна бир фойдаланувчи ўтган ҳафта Россияга киритилмаганини, рад этиш сабаби тушунтирилмаганини ва ярим йилдан кейин яна келиши мумкинлиги айтилганини билдирган.

Билдирилишича, рад этилганлар бу тақиқ ҳақида дарҳол билмайди ва паспортларида ҳеч қандай белги қолмайди. Фақат бир неча ой ўтгач, Беларусь Ички ишлар вазирлиги маълумотлар базасидан ёки Россия Федерал хавфсизлик хизматига сўров юбориб, бу тақиқ ҳақида билиб олишлари мумкин.

Виза масалалари бўйича эксперт Роман Степанов украиналикларнинг чегарада муаммоларга дуч келаётганини тасдиқлаган ва 20 йиллик тақиқ ҳолатлари учраса-да, кўпинча 50 йиллик тақиқ берилаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Беларусь ИИВ базаси ФХХ базаси билан мос келади ва синхронизация қилинади, шу боис украиналиклар нафақат Россияга, балки Беларусга ҳам боришда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Маълумот учун, Россия ҳукумати 2023 йил ўрталарида украиналикларнинг учинчи мамлакатлар орқали Россияга кириш имкониятини кескин чеклади. Эндиликда улар Россия чегарасини фақат Москванинг “Шереметево” аэропорти ва Латвия билан чегарадош Псков вилоятидаги “Лудонка” автомобиль ўтиш пункти орқали кесиб ўтиши мумкин. Бу вақтинчалик чора “мавжуд геосиёсий шароитда россияликларнинг хавфсизлигини таъминлаш” учун жорий этилгани айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг