Украиналиклар ўз ерини босқинчига бермайди – Зеленский

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат ўз ҳудудларини Россия ихтиёрига ўтказмаслигини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 9 август куни ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Унинг сўзларига кўра, урушни Россия бошлаган ва тугатишни ҳам унинг ўзи бўйнига олиши керак. 

“Украиналиклар ўзларига тегишлисини ҳимоя қилмоқда. Россия томонида бўлганлар ҳам Россия ёмонлик қилаётганини билади. Албатта, Россия қилган жиноятлари учун мукофотланмайди. Украина халқи тинчликка лойиқ. Аммо барча ҳамкорлар тинчлик қандай бўлишини тушуниши керак. Бу уруш тугатилиши зарур ва уни Россия тугатиши керак. Урушни бошлаган ҳам, барча муддатларни эътиборсиз қолдириб, уни чўзаётган ҳам Россиядир. Муаммо шунда, бошқа нарсада эмас”, дея ёзган Зеленский. 

Украина Президенти, шунингдек, Украина ҳеч қачон ўз ерларини Россияга бериб қўймаслигини, бу қонунда ҳам белгиланганини айтган. 

“Украина ҳудуди масаласига жавоб аллақачон Украина Конституциясида бор. Ҳеч ким бу йўлдан чекинмайди ва бунга ҳеч ким қодир бўлмайди. Украиналиклар ўз ерини босқинчига бермайди”, дея ёзган Украина раҳбари. 

Қолаверса, Зеленский Украина учун манфаатли бўлган қарорлар қабул қилиниши, тинчликка элтмайдиган қарорлар инобатга олинмаслигини билдирган. 

“Украина тинчлик олиб келиши мумкин бўлган ҳақиқий қарорлар учун тайёр. Бизга қарши бўлган ёки Украинасиз қабул қилинган ҳар қандай қарор – бу тинчликка қарши қарор демакдир. Улар ҳеч нарсага эришмайди. Бу ўликдан ҳам ёмон қарорлар. Улар ишламайди. Бизга чин ва ҳақиқий тинчлик керак. Одамлар ҳурмат қиладиган тинчлик. Биз Президент Трамп ва барча ҳамкорларимиз билан бирга ҳақиқий, энг муҳими, узоқ муддатли тинчлик учун ишлашга тайёрмиз. Москва истаклари туфайли қуламайдиган тинчлик учун”, дея қўшимча қилган Владимир Зеленский. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида учрашиб, Украинадаги уруш келажагини муҳокама қилиши ҳақида хабар берилганди. Трамп учрашув давомида ҳудудлар алмашинуви бўлиши ҳақида айтган. Оқ уй раҳбари бу таклиф қандай кўриниши ҳақида батафсил маълумот бермаган. Бироқ CBS News мунозаралардан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, Оқ уй Европа етакчиларини Россия Украина шарқидаги Донбасс минтақасини бутунлай тортиб олиш ва Қримни сақлаб қолишни назарда тутувчи келишувни қабул қилишга ундашга уринмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг