Украинага ёрдамимиз учун табиий ресурсларни талаб қилмаймиз – ЕИ
Олам
−
25 Февраль 2025 4949 1 дақиқа
Европа Иттифоқи Украинага ёрдам берганлиги учун компенсация сифатида мамлакат табиий ресурсларини талаб қилмайди. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта “Suspilne”га берган интервьюсида маълум қилди.
Коштанинг сўзларига кўра, уч йилдан бери Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватловчи йирик донор бўлиб келмоқда, буни Украина, украиналиклар, шунингдек, Европа хавфсизлиги учун қилмоқда ва Украинадаги табиий ресурсларнинг бирортасига кўз олайтирмайди.
Шунингдек, Кошта АҚШнинг Украина табиий бойликларини ёрдам эвазига топшириш бўйича келишув талабини изоҳлар экан, Украина суверен давлат эканлигини, ўз ҳудудини бошқариш ва халқаро миқёсда музокаралар олиб бориш учун суверен ҳуқуққа эга эканини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Украинага ўқ-дорилар етказиб беришдан иборат янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишга ҳозирлик кўраётганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Бунёд Келдибоев