Украинага НАТОдаги каби хавфсизлик кафолатлари берилиши мумкин
Олам
−
16 Август 4495 2 дақиқа
АҚШ ва Европа мамлакатлари Украинага НАТО Низомининг 5-моддасида назарда тутилган жамоавий мудофаа тамойили асосида хавфсизлик кафолатларини бериш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Италия Бош вазири Жоржия Мелони бугун, 16 августда Аляскада бўлиб ўтган саммит якунлари бўйича эълон қилган баёнотида маълум қилди.
Худди шу куни Дональд Трамп Аляскада Владимир Путин билан учрашувидан кейин Европа етакчиларига учрашув натижалари ҳақида маълумот берганини айтди. У аниқ қайси етакчиларни назарда тутганини ёки улар орасида Мелони бор-йўқлигини очиқламаган. Бир соатча ўтгач, Европа мамлакатлари етакчилари, жумладан Италия Бош вазири, саммит якунлари бўйича қўшма декларация чиқарди.
Аляскадаги саммит ҳақидаги алоҳида баёнотида Мелони шундай деди:
“Президент Трамп бугун НАТО Низомининг 5-моддасидан илҳомланган, Италия томонидан таклиф этилган хавфсизлик кафолатлари ғоясини яна бир бор тилга олди.
Таклифнинг бош нуқтаси – жамоавий хавфсизлик қоидасини белгилашдир. Бу Украинага АҚШни ҳам ўз ичига олган барча шерикларининг қўллаб-қувватлашидан фойдаланиш имконини беради. Агар яна янги ҳужум бўлса, улар ҳаракат қилишга тайёр бўлади.
Асосий масала – Россиянинг янги босқинини олдини олиши мумкин бўлган хавфсизлик кафолатларидир. Ана шу жиҳатда Анкориждаги учрашувда энг қизиқ янгиликлар қайд этилди. Фақат барқарор ва ишончли кафолатларгина янги урушлар ва тажовузларни тўхтата олади.
Европа давлатлари бу музокаралар босқичида Украинага ёрдамда бирдам бўлиб қолмоқда. Тинчлик йўли осон эмас, аммо унинг бошланиши муҳим”.
Бугун, 16 август куни AFP ва “Reuters” агентликлари Украина дипломатик манбаларига таяниб хабар беришича, Киев Вашингтондан НАТОга аъзо бўлмаган ҳолда, ундаги каби хавфсизлик кафолатлари ҳақида таклиф олган.
“Украина хавфсизлиги учун кафолатлардан бири сифатида америкаликлар НАТО Низомининг 5-моддасига ўхшаш, аммо НАТОдан ташқари кафолат таклиф қилган”, деди AFP манбаларида бири.
Унинг сўзларига кўра, бу таклиф “гўёки Путин билан келишилган”.
“Бироқ ҳеч ким бу қандай ишлашини, Путин нима учун буга рози бўлганини билмайди. Ахир у НАТОга кескин қарши, қолаверса Украина суверенитетининг ҳар қандай самарали кафолатларига ҳам қарши”, деди AFP’нинг яна бир манбаси.
Владимир Путин эса Аляскада Дональд Трамп билан музокаралардан кейинги матбуот анжуманида Москва Украина хавфсизлигини таъминлаш устида ишлашга тайёрлигини билдирди:
“Албатта, Украина хавфсизлиги таъминланиши керак. Биз бу йўналишда ишлашга тайёрмиз”, деди Путин.
Live
Барчаси