Украинага қўшин киритишга тайёрмиз – Европа

Олам

image

“Кўнгиллилар коалицияси”даги Европа ҳамкорлари Киев назоратидаги ҳудудларда ўт очиш тўхтатилганидан кейин ҳарбий куч жойлаштиришга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукуматининг сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, кеча, 17 август куни Франция Президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ҳамда Украина раҳбари Владимир Зеленский иштирокида “кўнгиллилар коалицияси” етакчиларининг виртуал йиғилиши бўлиб ўтган. 

“Етакчилар Аляскада Трамп ва Путин учрашувидан кейинги қадамлар ҳамда Украинага кўмак масалаларини муҳокама қилиш учун йиғилди”, дейилади хабарда. 

Учрашувда етакчилар Украинани доимий қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган ҳамда Зеленскийнинг адолатли ва барқарор тинчликка эришиш йўлидаги истагини, шунингдек, унинг Вашингтонда Президент Трамп билан ўтказилиши режалаштирилган кейинги маслаҳатлашувларга тайёргарлигини олқишлаган. 

“Улар жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин хавфсизлик кучларини жойлаштиришга, шунингдек, Украинадаги ҳаво ва денгиз ҳудудининг хавфсизлигини таъминлашга ва Қуролли кучларни тиклашга ёрдам беришга тайёр эканликларини яна бир бор таъкидлади”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, қўшин киритиш АҚШ илгари сураётган хавфсизлик кафолатларининг бир қисми бўлиши айтилган. 

Қайд этилишича, Оқ уй ушбу ташаббусга ҳалигача розилик билдирмаган. Зеленский эса бугун, 18 август куни Трамп билан айнан ушбу масала бўйича ҳам суҳбатлашиши мумкин. Трамп аввалроқ Украинага хавфсизлик кафолатларини беришга ваъда берганди, лекин буни айнан қайси давлат ўз зиммасига олиши айтилмаган.

Маълумот учун, Трамп ва Зеленскийнинг учрашувлар жадвали қуйидагича: Тошкент вақти билан соат 21:00 да Европа етакчилари Оқ уйга боради, 22:00 да Трамп Зеленскийни кутиб олади ва 22:15 да улар учрашувни бошлашади. 23:15 да Трамп Европа Иттифоқи етакчиларини қабул қилади, соат 00:00 да эса умумий учрашув бошланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Axios” нашри ўз манбасига таяниб, Россия Президенти Владимир Путин Аляскадаги Россия-АҚШ саммитида Хитойни Украина хавфсизлигининг эҳтимолий кафолатларидан бири сифатида тилга олгани ҳақида ёзганди. Нашрнинг ёзишича, бу билан Путин НАТО қўшинларидан иборат хавфсизлик кучларига қарши бўлишига шама қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Владимир Зеленский Киев Кўнгиллилар коалицияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг