Украинага 300 млн, Европага 4 млрд. Байден АҚШнинг рекорд миқдордаги мудофаа бюджетини тасдиқлади
Олам
−
28 Декабрь 2021
4627АҚШ Президенти Жо Байден 2022 молия йили учун Миллий мудофаани авторизация қилиш тўғрисидаги қонун (NDAA) ни имзолади. Бу мудофаа харажатларига 770 миллиард доллар ажратиш имконини беради. Бу ҳақда Оқ уй хабар берган.
Шу ой бошида АҚШ Конгрессининг Сенати ва Вакиллар палатаси мудофаа қонуни лойиҳасини кўпчилик овоз билан маъқуллаган эди. Қонунга кўра, 2022 молия йилида NDAA ҳарбий харажатларни ўтган йилга нисбатан қарийб 5 фоизга оширишни талаб қилади.
У ҳарбийларнинг маошларини 2,7 фоизга ошириш ҳамда самолётлар ва кемалар харидини оширишни, шунингдек геосиёсий таҳдидларга, айниқса, Россия ва Хитойга қарши курашиш стратегиясини ўз ичига олади. NDAA Украина хавфсизлигини таъминлаш ва Украина Қуролли Кучларини қўллаб-қувватлаш ташаббуси учун 300 миллион доллар, Европа мудофаа ташаббуси учун 4 миллиард доллар ва Болтиқбўйи давлатларида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учун 150 миллион долларни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, “Шимолий оқим-2” газ қувурига қарши санкциялар, Россия Федерациясининг суверен қарзи ва 35 нафар россиялик, жумладан, вазирлар, йирик россиялик тадбиркорлар, жамоат арбоблари ва журналистларига нисбатан чекловлар жорий этиш бўйича ташаббуслар аввалроқ ушбу ҳужжатдан чиқариб ташланган эди.
Қонун лойиҳасига Тинч океанини чеклаш ташаббуси учун 7,1 миллиард доллар ва Конгресснинг Тайвань мудофаасини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёноти, шунингдек Мудофаа вазирлигига Хитойнинг Шинжон минтақасида мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишни тақиқлаш киради. NDAA Афғонистондаги урушни таҳлил қилиш учун 16 кишидан иборат комиссия тузиш ташаббуси билан чиқмоқда.
Маълумот ўрнида, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти баҳорда Демократлар назоратидаги Конгрессдан мудофаа эҳтиёжлари учун 753 миллиард доллар сўради. Маслаҳатлашувлар давомида бу миқдор оширилди. 2021 йил учун мудофаа бюджети тахминан 740 миллиард долларни ташкил этди.
LiveБарчаси