Украинадаги урушни тўхтатиш Ғазо бўйича келишувдан ҳам мураккаб – Трамп 

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинадаги можарони ҳал қилиш Яқин Шарқдаги (Ғазо) тинчлик келишувига қараганда анча мураккаб эканини айтди. Бу ҳақда у кеча, 7 октябрь куни Оқ уйда Канада Бош вазири Марк Карни билан учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.

Президентга кўра, у дастлаб Украина масаласини “осон ечилади” деб ҳисоблаган, бунга Россия Президенти Владимир Путин билан яхши шахсий муносабатлари ёрдам беради, дея ўйлаган. Аммо унинг таҳминлари реал ҳаётга зид келган. 

“Менинг Путиндан ҳафсалам пир бўлди. Мен бу можарони ҳал қилиш осон бўлади, деб ўйлаган эдим. Аммо бу Яқин Шарқдагидан ҳам мураккаб экан. Нима бўлишини кўрамиз”, деган Оқ уй раҳбари. 

Журналистлар билан мулоқотда Трамп, шунингдек, яқин орада Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан Жанубий Кореяда учрашув ўтказишни режалаштираётганини билдирган. Шунингдек, у АҚШ ҳукумати ишида юзага келган узилишлар учун Демократик партияни айблаган.

Қайд этиш жоиз, охири кўринмаётган Россия-Украина урушида Трамп нейтраллик позициясидан воз кечиб, эндиликда Украинага ён босмоқда. Масалан, у 6 октябрь куни журналистлар билан суҳбатида Украинага узоқ масофага учадиган Tomahawk қанотли ракеталарини бериш ёки бермаслик ҳақидаги қарорни деярли қабул қилганини маълум қилган. Россия эса бу ракеталар ҳам Украинага ёрдам берормаслигини таъкидламоқда. Қолаверса, АҚШ Украинага Россия ҳудудининг чуқур қисмига зарбалар бериш учун зарур бўлган разведка маълумотларини тақдим этмоқчи. Президент Трамп АҚШ разведка хизматлари ва Пентагонга Киевга бу йўналишда ёрдам беришга рухсат берган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг