Украинадаги урушда қатнашган ўзбекистонлик йигит қамалди

Олам

image

Фарғона вилоятининг Фарғона туман суди ҳукми билан Украинадаги урушда Россия томонидан қатнашган 24 ёшли фуқаро 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди. 

Унга кўра, йигит 2022 йилнинг 3 февралида Россиянинг Москва шаҳрига ишлаш мақсадида борган. Бу ерда у Люберце мавзесидаги савдо мажмуаларидан бирида тозаловчи бўлиб иш бошлаган. Шу даврда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун Россия ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан қўлга олинган ва унга 7 йил қамоқ жазоси тайинланган.

2024 йилда Екатеринбург шаҳридаги ИК-5 колониясида жазо муддатини ўтаётган чоғида йигит Россия фуқаролигини олиш ва Қуролли кучларга қўшилиш таклифи билан юзма-юз келган. У ўз манфаатлари ва эркинликка чиқиш умиди учун бу таклифни қабул қилиб, Россия-Украина урушида Россия тарафида хизмат қилган. У Донецк ҳудудидаги ҳарбий полигонларда дастлабки тайёргарликдан ўтган ва кейин шахтада ҳарбий хизматчиларга озиқ-овқат етказиш каби вазифаларни бажарган. Фуқаро тахминан 8 ой давомида Россия Қуролли кучлари сафида иштирок этган ва 2025 йилнинг август ойида хизмат жойидан қочиб, 28 август куни Ўзбекистонга қайтган.

Суд жараёнида йигит ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Шунингдек, у Россиядаги ҳарбий хизмат давомида ва ижтимоий тармоқлардаги фаолияти орқали ўз иштирокини тасдиқлаб келган.

Фарғона туман суди 2001 йилда туғилган йигитни Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисми билан айбли деб топиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Жазони умумий тартибдаги колонияда ўтиш белгиланган ва у 2025 йил 28 августдан ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари сафида ёлланиб, ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган 481 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Фарғона Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг