Украинадаги “Майдан” воқеаларига 10 йил тўлди

Олам

image

Бугун, 21 ноябрь куни Украинада Қадр-қиммат ва эркинлик куни нишонланади. Айнан бугун Киевда Украинанинг сиёсий йўналишини бутунлай ўзгартирган воқеа “Евромайдан” бошланганига ўн йил тўлди.

2013 йилнинг 21 ноябрида Киев марказида бир неча ой давом этган норозилик намойиши Украина ҳукумати томонидан Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида ассоциация шартномасини имзолашга тайёргарликни тўхтатиб қўйганига жавобан бошланди. Ўша давр раҳбарияти ўз қарорини Европа интеграциясининг ички иқтисодиёт учун хавфи ҳамда Россия ва МДҲ давлатлари билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш зарурати билан изоҳлади.

Намойишларнинг биринчи ҳафталари секинлик билан ўтди ва 29 ноябрга келиб намойишлар деярли тўхтади, аммо 30 ноябрь куни талабалар лагерини зўравонлик билан тарқатиб юборишга уриниш бурилиш нуқтаси бўлди.

Киевда намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида оммавий тўқнашувлар 1 декабрь куни радикал намойишчилар биринчи маъмурий биноларни эгаллаб олиб, Президент маъмуриятига бостириб киришга уринганида, шунингдек, 11 декабрга ўтар кечаси ҳокимият яна Мустақиллик майданини куч билан тозалашга уринганида юз берди.

2014 йил 16 январда Украина Олий Радаси томонидан оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик учун жазо чораларини кучайтириш ва фуқароларнинг бир қатор эркинликларини, жумладан, йиғилишлар, сўз эркинлиги ва уюшмалар эркинлигини қаттиқ чеклашни назарда тутувчи қонунлар қабул қилингани 19 январь куни Украина пойтахтида кескин қарама-қаршиликка олиб келди. Қайд этиш жоизки, оммавий норозилик намойишлари Киев чегарасидан ташқарига чиқди ва амалда бутун мамлакат ҳудудини қамраб олди.

18 февраль куни оммавий ўлимга олиб келган вазиятнинг кескинлашуви кузатилди. Пойтахтда намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар қайта бошланди, бу юздан ортиқ одамнинг, асосан номаълум снайперларнинг ҳаракатлари туфайли ҳалок бўлишига олиб келди.

Бундан ташқари, 21 февраль куни Ғарб давлатларининг босими остида ўша даврдаги Украина Президенти Виктор Янукович ён бериб, мухолифат билан Украинадаги инқирозни ҳал қилиш бўйича шартнома имзолади. Унда кўра, 2004 йилда ўзгартирилган Конституцияга қайтиш, миллий бирлик ҳукуматини шакллантириш ва 2014 йил декабридан кечиктирмай муддатдан олдин президентлик сайловларини ўтказишни назарда тутиларди.

Шу куни Янукович Киевни тарк этди ва Украина президентининг вазифалари 23 февраль куни Олий Раданинг янги раиси Александр Турчиновга юкланди.

Украина Бош прокуратураси маълумотларига кўра, “Евромайдан”даги воқеалар давомида 2442 киши, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 721 нафар ходими жароҳатланган.

Шундан бери ҳар йили 21 ноябрда Украина миллий байрами – Қадр-қиммат ва эркинлик куни нишонланади. 

Эслатиб ўтамиз, бу галги Қадр-қиммат ва эркинлик кунида Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Молдова Президенти Майя Санду ва Германия Мудофаа вазири Борис Пасториус Украинага келган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Евромайдан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг