Украинада жанг қилган собиқ маҳбуслар Путинга мурожаат йўллади

Олам

image

Урушдан қайтган “Шторм Z” бўлинмаларининг собиқ асирлари Россия Президенти Владимир Путинга мурожаатнома ёзиб, унда улар ваъда қилинган маошлар ва жароҳатлар учун тўловларни олмаганликларини айтишди. Бу ҳақда мактубни қўлга киритган "Важные истории" нашри хабар берди. 

Путинга мурожаат Украинадаги урушда қатнашган етти нафар собиқ маҳбус томонидан ёзилган. Улар урушда қатнашганларида бирор марта ҳам тўлиқ маош олмаган.

Шунингдек, улар судланганлик ҳолатини олиб ташлаш тўғрисидаги ҳужжатларни олмаганликларини билдиришган. Мурожаатнинг ҳақиқийлиги нашрга унинг муаллифларидан бири томонидан тасдиқланган.

2023 йилнинг ёзида Северодонецк ва Запорожье йўналишларида жанг қилган 42 ёшли Роман Поляков журналистларга кўплаб жароҳатлар олганини айтган.

Поляковнинг сўзларига кўра, энди у судлангани сабабли Россияда ишга кира олмайди.

Унинг таъкидлашича, колонияга ёллаш пайтида маҳбусларга "тўлиқ ижтимоий пакет" ва урушда қатнашиш учун бошқа жангчилар билан тенг шароитлар ваъда қилинган. Бироқ, уларга шартномаларнинг нусхалари берилмаган. Шартномаларнинг ўзи Мудофаа вазирлигининг ҳужжатлари эмас, тан олинмаган Донецк раҳбари томонидан имзоланган кўнгилли тузилмаларда иштирок этиш тўғрисидаги шартномалар бўлиб чиққан.

Поляков унга ва бошқа маҳбусларга судланганлигини олиб ташлаш ваъда қилинган.

“Аслида бизга маошимизнинг кўпи билан ярми тўланди: яъни 100–105 минг. Мен қизил зонада роппа-роса уч ой ўтказган бўлсам ҳам, уч кунлик жанговар маош олдим. Жароҳатлар учун бизга тўловимиз президентнинг 98-сонли фармонига мувофиқ эмаслигини, балки Мудофаа вазирлигининг биз учун алоҳида буйруғи борлигини айтишди: енгил жароҳат учун – 50 минг рубль, оғир жароҳат учун – 300 минг. Аммо бу пулни ҳам кўришнинг иложи йўқ, чунки, масалан, икки ойдан бери жароҳатнинг оғирлиги ҳақида маълумотнома ололмаяпман”, дейди Поляков.

Россия Федерацияси Президентининг 98-сонли фармонида ҳарбий хизматчиларга жароҳати учун уч миллион рубль миқдорида бир марталик тўлов ва ҳарбий хизматчи вафот этган тақдирда уларнинг оилаларига беш миллион рубль миқдорида тўловлар тўғрисида гап боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Украина собиқ маҳбуслар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг