Украина айрим эркакларга хорижга чиқишга рухсат берди
Олам
−
27 Август 2411 1 дақиқа
Украинада 18 ёшдан 22 ёшгача бўлган эркакларга уруш ҳолати шароитида ҳам чет элга эркин чиқишга рухсат берилди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Юлия Свириденко маълум қилди.
“Бугун ҳукумат давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини янгилади. Энди 18–22 ёшли эркаклар уруш ҳолатида ҳам эркин равишда мамлакат чегарасини кесиб ўта олади. Гап шу ёшдаги барча фуқаролар ҳақида кетмоқда”, деган Украина Бош вазири.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор чет элдан қайтиб келган ёш фуқароларга ҳам тааллуқли бўлади. Унинг таъкидлашича, чора уларнинг Украина билан алоқасини сақлаб қолиш учун қабул қилинган.
Қайд этиш жоиз, Президент Владимир Зеленский 12 август куни ҳукуматга 18–22 ёшли эркакларга қўйилган хорижга чиқиш чекловини бекор қилишни топширган эди.
Маълумот учун, Украинада уруш бошланганидан буён жорий этилган ҳарбий ҳолат туфайли шу пайтгача 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларга мамлакатни тарк этиш тақиқлаб қўйилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда уруш бошланганидан то 2024 йилнинг ўрталаригача Украина аҳолиси Киев назорати остидаги ҳудудда 40 миллиондан ортиқ кишидан 31,1 миллионга қисқарган, яъни 2,5 йил ичида у 10 миллионга камайган.
Live
Барчаси