Украинада 30 000 дан ортиқ “Вагнер” гуруҳи аъзолари қурбон бўлди – Оқ уй
Олам
−
18 Февраль 2023
8557Кеча, 17 февраль куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби журналистлар билан брифинг ўтказиб, Россиянинг “Вагнер” ёлланма гуруҳи Украинада уруш бошлангандан бери 30 000 дан ортиқ одамини йўқотгани ва улардан 9 000 га яқини жангларда ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Қўшма Штатлар декабрь ойидан бери Украинада ҳалок бўлган “Вагнер” гуруҳи аскарларининг 90 фоизини маҳкумлар ташкил қилади деб, ҳисобламоқда.
Миллий хавфсизлик кенгаши вакилининг айтишича, умумий ўлимларнинг ярми декабрь ойи ўрталаридан бери Украина шарқидаги Бахмут шаҳрида жанглар кучайганлиги сабабли содир бўлган. Унга кўра, ёлланма гуруҳ Бахмут ва унинг атрофида сўнгги бир неча кун ичида қўшимча ютуқларга эришган, аммо бунга эришиш учун бир неча ой вақт ва ҳалокатли харажат кетган.
“Эҳтимол улар Бахмутда муваффақият қозонишлари мумкин, аммо бу ҳақиқий стратегик аҳамиятга эга эмас”, дейди Кирби Украина кучлари Донбасс минтақаси бўйлаб мустаҳкам мудофаа чизиғини сақлаб қолганини қўшимча қилиб.
Кирбининг айтишича, “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожиннинг Украинада жанг қилиш учун маҳбусларни ёллашни тўхтатгани ҳақидаги сўнгги изоҳларига қарамай, “Вагнер” ҳеч қандай тайёргарлик ва жиҳозларсиз урушга юборилган маҳкумларга кўп ишонишда давом этган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Вагнер” гуруҳи томонидан ёлланган икки ўзбекистонлик ҳалок бўлган ва жасади Ўзбекистонга юборилган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси