Украина Еврокомиссия ажратган 90 млрд еврони мудофаа тизимларига сарфламоқчи
Олам
−
10:05 1035 2 дақиқа
Украина Европа Комиссиясига Европа Иттифоқининг 90 миллиард евролик кредитидан мудофаа тизимларини, жумладан, ракеталарга қарши мудофаа воситаларини сотиб олиш учун фойдаланишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Музокаралардан хабардор Европа Комиссиясининг вакилига кўра, ҳозирча қайси тизимлар харид қилиниши аниқ эмас. Гап АҚШнинг Patriot тизимлари ёки Франция – Италияга тегишли SAMP/T NG зенит-ракета мажмуалари ҳақида кетмоқда.
Янги харидлар рўйхатини жорий йилнинг сентябригача шакллантириш режалаштирилган. Ундан ракеталарга қарши мудофаа тизимларидан ташқари ракеталар ва дронлар ҳам ўрин олади.
Европа Иттифоқининг 90 миллиард евролик кредитининг 60 миллиард евроси Украинанинг мудофаа салоҳияти ва мудофаа саноатини мустаҳкамлашга, 30 миллиард евроси эса бюджетни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган.
Украина Кредит маблағлари ҳисобидан қурол-яроғларни асосан Европа Иттифоқи ва Европа иқтисодий ҳудудидаги ишлаб чиқарувчилардан харид қилиши кўзда тутилган. Айрим ҳолларда бошқа давлатлардан қурол сотиб олишга ҳам рухсат берилиши мумкин.
Маълумот учун, Patriot – АҚШда ишлаб чиқарилган бўлиб, самолётлар, қанотли ва баллистик ракеталарни уриб туширишга мўлжалланган ҳаво ҳужумидан ва ракетага қарши мудофаа тизими ҳисобланади. SAMP/T NG эса Франция ва Италия томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, самолётлар, дронлар, қанотли ва баллистик ракеталардан ҳимояланишга мўлжалланган Европанинг янги авлод ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Украинага зудлик билан зарур бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини етказиш устида ишлаётгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси