Украина “Татнефть”нинг Самарадаги йирик кимё заводига зарба берди (видео)
Олам
−
15:08 1004 2 дақиқа
Бугун, 24 октябрь куни эрталаб Украина дронлари Самара вилоятидаги “Тольяттикаучук” йирик нефть-кимё корхонасига ҳужум қилди. Бу ҳақда маҳаллий аҳолига таяниб, Украина мониторинг каналлари хабар берди.
Гувоҳлар томонидан эълон қилинган видеоларга кўра, кейинроқ такрорий ҳужумлар ҳам юз берган. “Татнефть”га тегишли завод тепасида қора тутун кўтарилган. Маҳаллий нашрлар дронлар ҳужуми ва кўплаб “кучли портлашлар” ҳақида ёзган. Шунингдек, шаҳар аҳолиси “Тольяттикаучук” жойлашган кўча ёпиб қўйилганини хабар қилган.
“Astra”нинг аниқлик киритишича, ушбу жой яқинида Тольятти ИЭС жойлашган. У ҳам ҳужумга учраган бўлиши мумкин – шаҳар аҳолиси электр ва сув таъминотидаги узилишлар ҳақида хабар берган. Бундан ташқари, Самара губернатори Вячеслав Федоришевнинг обуначиларидан бири Тольяттида “дахшат” бўлаётгани ва ҳавога “кимёвий ҳид” тарқалганини ёзган. Корхона мономерлар, углеводород фракциялари ва автомобиль бензинига қўшиладиган қўшимчалар ишлаб чиқаради. Завод томонидан чиқариладиган синтетик каучуклар эса тактик ва баллистик ракеталар учун қаттиқ ракета ёнилғисини ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Федоришевнинг маълумотига кўра, Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва мобил ўт очиш гуруҳлари Самара вилоятида бир нечта дронни уриб туширган. У ҳужум оқибатлари тасвирланган кадрларни эълон қилганлик учун жавобгарлик борлигидан огоҳлантириб, қўшимча маълумотларни келтирмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Қуролли кучлари Херсон йўналишидаги Олешки аҳоли пункти яқинида гуманитар операция ўтказилиши муносабати билан жорий йил 27 октябрь Москва вақти билан соат 04:00 дан эътиборан сукут режимини жорий этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси