Украина собиқ мудофаа вазирининг уйида тинтув ўтказилди

Олам

image

Украина Миллий аксилкоррупция бюроси мамлакат Мудофаа вазирлигини 2021-2023 йилларда бошқарган собиқ вазир Алексей Резниковнинг уйида тинтув ўтказди. Бу ҳақда кеча, 4 июль куни маҳаллий матбуот хабар берди.

Хабарларга кўра, тинтув Украина Қуролли Кучлари учун маҳсулотларни оширилган нархларда сотиб олиш (“товуқ тухуми учун 17 гривна”) ишининг бир қисми сифатида ўтказилган. Бироқ апрель ойида Миллий аксилкоррупция бюроси Резников бу ишда гумон қилинмаганлигини билдирган эди.

“Зеркало Недели” нашри тинтувлар 3 июль куни бўлиб ўтгани ва собиқ вазирдан “яширин” телефон ва бир қатор муҳим ҳужжатлар олиб қўйилгани ҳақида ёзди. РБК-Украина агентлигининг манбаси эса, аксинча, шундай деди:

“Ҳеч қандай ҳужжат топилмади ёки олиб қўйилмади. Ва “яширин телефонлар” ҳам йўқ”.

Кейинроқ “Украинска правда” газетаси Резниковга яқин манбаларига таяниб, қидирув “Резниковнинг ўз илтимосига кўра 2023 йилда очилган” иш бўйича 30 июнь куни бўлиб ўтганини хабар қилди. Бу маълумотларга кўра, фақат собиқ вазирнинг шахсий телефони олиб қўйилган бўлиб, у текширилгач, “ОАВ нашрларининг ёзишмаларидан бошқа қизиқ нарса топилмаган”.

Маълумот учун, 2023 йил декабрь ойида Украина Хавфсизлик хизмати ходимлари Киевда Украина Мудофаа вазирлигининг асосий бўлимларидан бирининг бошлиғини ҳибсга олди – у Украина қуроллари учун артиллерия ўқларини сотиб олишга мўлжалланган 1,5 миллиард гривнани (ўша пайтда тахминан 36 миллион эвро) ўғирлашга уринганликда гумон қилинган. Украина ҳарбий департаменти ўқ-дориларни етказиб бермаган ишлаб чиқарувчига ўтказилган маблағларни қайтариш устида иш олиб бораётганини билдирди.

21 январь куни Украина Хавфсизлик хизмати Украина Қуролли Кучлари бош психиатри Олег Друзни ноқонуний бойиб кетишда гумон қилиб ҳибсга олгани маълум бўлди. Иш материалларига кўра, ҳарбий хизматга яроқлилиги тўғрисида қарор қабул қиладиган шифокор Россия Федерациясининг тўлиқ тажовузкорлиги бошланганидан бери 1 миллион доллардан ортиқ маблағга эга бўлиб, уларни рафиқаси, болалари ва бошқа шахслар номига расмийлаштирган.

2023 йил август ойида Украина Президенти Владимир Зеленский уруш давридаги коррупцияни ватанга хиёнат билан тенглаштирадиган қонун лойиҳасини тайёрлаш ниятида эканини маълум қилди. Бундай жиноят учун 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Алексей Резников

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг