Украина Россиянинг “соя флоти”га тегишли 13 та кемага зарба берди
Олам
−
18 июл 2785 1 дақиқа
Украина Учувчисиз тизимлар кучлари бугун, 18 июлга ўтар кечаси Қора ва Азов денгизларида Россиянинг “соя флоти”га тегишли яна 13 та кемага зарба берди. Бу ҳақда “Укринформ” хабар берди.
Украина Учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Мадьяр Бровдининг сўзларига кўра, зарба берилган кемалар орасида саккизта қуруқ юк ташувчи кема, битта нефть танкери, битта газ ташувчи танкер, битта шатакка олувчи кема ҳамда иккита сузувчи кран бўлган.
Бровди жорий йилнинг 6 июлидан 18 июлигача давом этган “MoLoChKa” операцияси доирасида Россиянинг “соя флоти”га тегишли жами 172 та кема нишонга олинганини билдирган. Шундан 118 таси Азов денгизида, 54 таси эса Қора денгизда бўлган.
Унинг таъкидлашича, операциянинг асосий мақсади Россиянинг нефть, ёқилғи ва бошқа юкларни халқаро санкцияларни четлаб ўтган ҳолда ташиш логистикасини издан чиқаришдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Тамбов ва Москва вилоятларидаги логистика марказларига ҳужум қилиши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган эди.
Live
Барчаси