Украина Россиянинг нефть инфратузилмасини бомбардимон қилди
Олам
−
09 июл 4890 2 дақиқа
Бугун, 9 июль куни Украина дронлари Россиянинг камида учта ҳудудидаги нефть инфратузилмасига ҳужум қилди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Россия расмийларига кўра, Твер вилоятидаги нефть омборида дрон ҳужумини қайтариш чоғида ёқилғи сақлаш резервуарларидан бири ёниб кетган. Вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Виталий Королёвнинг билдиришича, ёнғин маҳаллий вақт билан соат 07:00 га қадар ўчирилган ва ҳодиса оқибатида жабрланганлар бўлмаган.
Ставрополь ўлкаси губернатори Владимир Владимиров эса ҳужум оқибатида саноат объектида ёнғин юзага келганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, орадан бир соат ўтиб олов ёнувчан резервуарларга тарқалган ва яқин атрофдаги уйлар аҳолиси эвакуация қилинган. Бу ҳудудда ҳам жабрланганлар қайд этилмаган.
Шунингдек, Ростов вилояти расмийлари Азов денгизидаги дрон ҳужуми оқибатида иккита нефть танкери шикастланганини маълум қилган. Вилоят губернатори Юрий Слюсарнинг айтишича, ҳодиса оқибатида жабрланганлар бўлмаган, ҳар икки танкер экипажи хавфсиз жойга эвакуация қилинган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 8 июль оқшомидан 9 июль тонгигача Россия ҳудуди ва аннексия қилинган Қрим узра 73 та Украина дрони уриб туширилганини маълум қилган.
Бундан ташқари, Россия томони аннексия қилинган Қримда Украина дронлари ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлганини, Россия назоратидаги Херсон вилоятида эса ҳаво ҳужумлари сабаб ҳудуднинг айрим қисмларида электр таъминоти тўлиқ ёки қисман узилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 июлга ўтар кечаси Украина Мудофаа кучлари Азов денгизида Россияга тегишли 12 та танкер, битта буксир ва битта қуруқ юк кемасига, шунингдек, Ростов вилоятидаги нефть юклаш терминалига зарба берган эди.
Live
Барчаси