Украина Роскосмос объектига Flamingo билан зарба берди (видео)

Олам

image

Бугун, 15 август куни Украина Россиянинг Самара вилоятидаги Роскосмосга қарашли Прогресс маркази, Саваслейка аэродроми ҳамда Усть-Лугадаги нефть объектига зарба берди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Зеленскийга кўра, Самара вилоятидаги Прогресс маркази Flamingo ракеталари билан нишонга олинган. Мазкур объект Украина чегарасидан тахминан 900 километр узоқликда жойлашган.

“Бугун биз аниқ зарбаларимизнинг янги муҳим натижаларига эга бўлдик. Россиянинг Самара вилоятида Роскосмоснинг муҳим объектларидан бири, жумладан, электроника ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Прогресс марказига зарба берилди. Flamingo ракеталари қўлланилди. Бу катта ютуқ. Масофа чегарамиздан тахминан 900 километрни ташкил этади”, деган Украина Президенти.

Унинг қайд этишича, Украинанинг “узоқ масофали санкциялари” Россиянинг Нижний Новгород вилоятидаги Саваслейка аэродромигача ҳам етиб борган. Зеленский мазкур аэродромда Россиянинг Украинадаги шаҳар ва қишлоқларга зарба беришда фойдаланиладиган ракета ташувчилари жойлаштирилганини айтган.

“Бу Украина ҳудудидан тахминан 700 километр узоқликда. Шунингдек, Усть-Луга шаҳридаги нефть объектига етказишимиз керак бўлган зарар етказилганини ҳам тасдиқладик. Бу объект чегарамиздан 800 километрдан ортиқ масофада жойлашган”, деган Зеленский.

Давлат раҳбари зарбаларни амалга оширишда иштирок этган барча бўлинмаларга миннатдорлик билдирган.

“Россияга қарши ушбу уруш учун ишлаб чиқилган “узоқ масофали санкциялар” режамиз амалга оширилмоқда. Россиянинг уруш салоҳиятини камайтириш муҳим. Тинчлик керак ва бу Россияда муайян нишонларга етказилган аниқ зарар орқали сезилиши лозим”, дея таъкидлаган у.

Маълумот учун, Фламинго ракетаси – Украина томонидан ишлаб чиқилган, узоқ масофага зарба беришга мўлжалланган қанотли ракета ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Россия кучларининг бугун, 15 августга ўтар кечаси Украинанинг Днепропетровск вилоятига уюштирган ҳужуми оқибатида 3 ойлик чақалоқ ҳалок бўлиб, яна 11 киши жароҳатланди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг