“Украина осмонини ёпинг”. Львовда урушда ўлдирилган болалар хотираси учун акция ўтказиляпти (фоторепортаж)
Олам
−
19 Март 2022
9496Россия Украинага ҳужум бошлаганидан бери рус қўшинлари 109 нафар украиналик болани ўлдиргани айтилмоқда. Шу муносабат билан Львовда ҳалок бўлган болалар хотирасига бағишланган акция ўтказилмоқда, одамлар шаҳар марказига бўш аравачаларни қўйиб қўйган. Бу ҳақда Львов мэри Андрей Садовий маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, “Рынок” майдонидаги бўш чақалоқ аравачалари Украина осмонини ҳимоя қилаётган фаришталарнинг ҳаёт рамзидир.
“Бу – Украина бугун тўлаётган урушнинг даҳшатли нархи. Биз эса бутун дунёдаги барча катталарни украиналик болаларни ягона қалқон билан ҳимоя қилишга ва уларга келажак беришга чақирамиз. Бошқа давлатлар ҳукуматларидан Украина осмонини ёпишни талаб қилинг”, деган Садовий.
Львов мэри маҳаллий аҳоли акцияни суратга олиши, Россия жиноятлари ҳақида гапириши ва ижтимоий тармоқларда #closethesky ҳештеги билан чоп етиши кераклигини қўшимча қилган.
Украина расмийларининг маълум қилишича, кеча, 18 март ҳолатига кўра, Россия бошлаган урушда 109 нафар бола қурбон бўлган, 130 дан ортиқ бола жароҳат олган.
Россиянинг ҳужумидан жабрланган болаларнинг аксарияти қуйидаги ҳудудларда:
• Киев - 55;
• Харьков - 34;
• Донецк - 26;
• Чернигов - 29;
• Николаев - 20;
• Житомир - 15;
• Суми - 14;
• Херсон - 14.
LiveБарчаси