Украина НАТОга аъзолик ҳақида унутиши керак – Трамп

Олам

image

АҚШ етакчиси Дональд Трамп Вашингтон Киевга қўшимча хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмаслигини, бу масалани Европага топширишини айтди. Бу ҳақда у кеча, 26 февраль, куни АҚШ ҳукуматининг биринчи йиғилишида сўз очди.

“Мен мавжуд кафолатлардан ташқари яна қўшимча кафолатлар беришни режалаштирмайман. Биз бу масалани Европага топширамиз. Аммо, албатта, ҳаммасининг яхши кечишини таъминлашга ҳаракат қиламиз”, деди Трамп.

Шунингдек, у Вашингтон Европа тинчликпарвар кучлари Украинага жойлаштирилиши масаласида Европани қўллаб-қувватлаши мумкинлигини маълум қилиб, урушни тўхтатишга муваффақ бўлишига ишонч билдирган. У Россия томонига тинчликка эришиш учун муросага бориш кераклигини таъкидлаган.

“Биз ҳар икки томон учун ҳам фойдали келишувга эришиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”, деди АҚШ етакчиси.

Трамп келишув Украина учун “яхши” бўлишига ҳаракат қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Украинага йўқотилган ҳудудларнинг бир қисмини қайтариб олишда ёрдам беришга уринади, бироқ бу мураккаб жараён бўлади.

Шу билан бирга, АҚШ Президенти Украинага НАТОга аъзолик ҳақида “унутиши” кераклигини билдирган. Унинг фикрича, уруш айнан Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиши масаласи туфайли бошланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Каролина Ливитт журналистлар билан суҳбатда Қўшма Штатлар Украина ресурсларини ўзлаштириш бўйича битим тузишда “маррага жуда яқин” эканини, аммо ҳужжат Владимир Зеленскийнинг 28 февраль кунига Вашингтонга режалаштирилган ташрифи вақтида имзоланмаслиги мумкинлигини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Дональд Трамп Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг