Украина НАТОдан тинч аҳоли учун ёрдам сўради
Олам
−
16 Февраль 2022 10478 2 дақиқа
Украина НАТОдан тинч аҳолига таъсир қилиши мумкин бўлган “турли характердаги” фавқулодда вазиятларда халқаро ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда альянс баёнотида айтилади.
“Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати тинч аҳолига таъсир қилиши мумкин бўлган турли характердаги кенг кўламли фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўрмоқда. Кўрсатилган тартибларга мувофиқ, 2022 йил 15 февраль куни Евро-Атлантика фалокатларга жавоб беришни мувофиқлаштириш маркази (EADRCC) Украинадан халқаро ёрдам сўровини қабул қилди”, дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Киев альянсдан турли чуқурликдаги портловчи қурилмаларни қидириш учун воситалар, жами 260 дан ортиқ бирлик, алоқа воситалари, шахсий ҳимоя воситалари, шу жумладан 70 минг кимёвий ҳимоя костюми, ўт ўчирувчилар учун ўн минглаб ускуналар, шунингдек, сув кийимлари сўраган. Украина томони, шунингдек, 250-300 кишини сиғдира оладиган автоном ҳаётни таьминловчи 55 та мобиль дала лагерини сўрамоқда. Рўйхатга ўнлаб бульдозерлар, экскаваторлар, автокранлар, юк машиналари ҳам киради.
Шунингдек, ушбу рўйхатга ўн минглаб тиббий буюмлар, жумладан, оғриқ қолдирувчи воситалар, антибиотиклар, ниқоблар, қўлқоплар, бинтлар ва биоҳимоя костюмлари киради.
Қайд этиш керакки, Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
Live
Барчаси