Украина Мудофаа вазирлигида 40 млн долларлик коррупция схемаси фош этилди

Олам

image

Украина армияси учун ўқ-дорилар харид қилиш мақсадида ажратилган 1,5 млрд гривна (тахминан 39,8 млн доллар) пулни ўғирлашда гумонланган Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали ходими қўлга олинди. Бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизмати хабар берди.   

Билдирилишича, Мудофаа вазирлигининг асосий бўлимларидан бирининг бошлиғи қўлга олинган. У артиллерия снарядларини сотиб олиш учун мўлжалланган 1,5 млрд гривнани ўғирлашга уринганликда гумон қилинмоқда. 

Қайд этилишича, УХХ операцияси Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров кўмагида амалга оширилган. Тергов маълумотларига кўра, исми ошкор этилмаган гумонланувчи 2022 йил декабрь ойида махсус экспорт қилувчи компания билан артиллерия снарядларининг улгуржи партиясини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган. Кейинчалик, ушбу шартнома бўйича, 1,5 миллиард гривнадан кўпроқ маблағ хорижий ҳисобрақамга ўтказилган. Мазкур ҳолат юзасидан Украина Жиноят кодексининг 114-1-моддаси 2-қисми (Украина Қуролли кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш) бўйича жиноий иш очилган. Агар бўлинма бошлиғининг айби исботланса, у 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 

Кейинроқ Украина Мудофаа вазирлиги матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи Илларион Павлюк телемарофонда департамент коррупцион схема оқибатида ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчи корхонага ўтказилган маблағларни қайтариш устида иш олиб бораётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, "бу шартнома бўйича тўлов амалга оширилган, аммо снарядлар етказиб берилмаган".

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратураси ходимлари Украина Олий суди собиқ раҳбари Всеволод Князевни ноқонуний нафақа олиш эҳтимоли туфайли ҳибсга олган.

Август ойида эса Украина Президенти Владимир Зеленский уруш давридаги коррупцияни ватанга хиёнатга тенглаштирувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш ниятида эканини айтган. Украина Жиноят кодексида давлатга хиёнат қилиш учун 15 йилгача жазо назарда тутилган. Европа Иттифоқи Киев тизимли коррупцияга қарши чораларни кучайтиришини таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made