Украина Курил оролларини Россия босиб олган Япония ҳудуди деб эълон қилди
Олам
−
08 Октябрь 2022
11423Украина Президенти Владимир Зеленский Япониянинг Курил ороллари ҳудудларини “Россия Федерацияси босқини остида қолаётган ҳудудлар” деб аташ ҳақидаги фармонни имзолади.
“Украина Япониянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шу жумладан, Россия Федерацияси босқини остида қолаётган Шимолий ҳудудларини ҳурмат қилишини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади ҳужжатда.
Зеленский Украина ҳукуматига ўз ишида “...Шимолий ҳудудлар Япония суверен ҳудудининг ажралмас қисми деган позициядан келиб чиқиш”ни буюрди.
7 октябрь куни Владимир Зеленский видеомурожаатида қарорни “адолатли, юридик жиҳатдан мукаммал, тарихий” деб атади. Украина Президенти дунёнинг бошқа давлатларини ҳам худди шундай қарорлар қабул қилишга чақирди.
Маълумот ўрнида, Россия 1905 йилда Россия-Япония урушидаги мағлубиятдан сўнг Сахалиннинг жанубий қисмини Японияга топширган. 1945 йил февраль ойида эса Совет Иттифоқи Япония билан урушга кириш эвазига Сахалин ва Курил оролларини қайтариб олган. 1956 йилда СССР Япония билан тинчлик декларациясини имзолади, унда томонлар тинчлик шартномасини тузганларида Шикотан ва Хабомаи оролларини қайтаришга ваъда берилди. Кейинги йилларда Япония ҳукумати барча оролларни қайтаришни талаб қилди ва шартнома имзоланмай қолди. 2022 йил март ойида Россия Япония билан тинчлик шартномаси бўйича музокараларни тўхтатди. Апрель ойида Япония Ташқи ишлар вазирлиги Курил оролларини 2003 йилдан бери биринчи марта “ноқонуний босиб олинган” ҳудуд деб атади.
LiveБарчаси