Украина хавфсизликни ҳудудлардан устун қўяди – NYT 

Олам

image

Дональд Трамп АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг, эҳтимолий тинчлик музокаралари чоғида Украина учун хавфсизлик кафолатлари масаласи Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтаришдан кўра муҳимроқ бўлади. Бу ҳақда кеча, 13 ноябрь куни Украинанинг икки юқори мартабали мулозимига таянган ҳолда “The New York Times” хабар берди. 

Нашр суҳбатдошларига кўра, Украинанинг ҳудудий чегаралари катта эҳтимол билан жанговар ҳаракатлар натижасида аниқланади ва эҳтимолий музокараларда мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш ўт очишни тўхтатиш келишуви ишончли бўлишини таъминлаш учун қандай кафолатлар тақдим этилишига боғлиқ бўлади.

“Ҳудудий масала ниҳоятда муҳим, аммо у ҳамон иккинчи масала. Биринчи масала – хавфсизлик кафолатлари”, дейди исмини ошкор этмаган юқори мартабали украиналик амалдор.

Олий Раданинг Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси котиби Роман Костенко ҳам газетага эҳтимолий музокаралар “кафолатларга асосланган бўлиши кераклигини” айтди.

"Украина учун муҳимроқ нарса йўқ", деди у.

Костенконинг қўшимча қилишича, Киев Россия ишғоли остидаги ҳеч бир ҳудудга даъвосидан расман воз кечмайди.

“Шунингдек, Киев учун ўрнатилган ўт очишни тўхтатиш линияси мамлакатнинг иқтисодий тикланишига тўсқинлик қилмаслиги ҳам муҳим – масалан, саноат ҳудудларини сармоя учун хавфли қилиб қўйиш. Демилитаризация зонасининг кенглиги – икки армия ўртасидаги буфер зонаси ҳам муҳим бўлади”, деди исмини ошкор этмаган украиналик амалдор.

Нашрнинг қайд этишича, Украина расмийлари аввалроқ узоқ вақт давомида Россия томонидан босиб олинган ҳудудни урушни тинч йўл билан ҳал қилишнинг ҳеч қандай варианти бўйича бермасликларини айтиб келган. Бироқ музокаралар учун тезлаштирилган жадвални илгари сурган АҚШ президенти Дональд Трамп сайланганидан сўнг, Киев хавфсизлик кафолатларини ҳеч бўлмаганда ўт очишни тўхтатиш чизиғи қаерда бўлиши каби муҳим аҳамият касб эта бошлади.

Эслатиб ўтамиз, Пентагон Россия Федерациясига қарши мудофаа урушини олиб бораётган Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган жами 9,3 миллиард доллар қолганини маълум қилганди. АҚШ Президенти Жо Байден эса сайланган президент Дональд Трамп билан Оқ уйдаги учрашувида Украинани Россия Федерациясига қарши мудофаа урушида кейинги қўллаб-қувватлаш АҚШнинг миллий манфаатларига жавоб беришини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Дональд Трамп Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг