Украина қўшинлари Авдеевкадан чекинди
Олам
−
17 Февраль
8092Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Донецк вилоятининг Авдеевка шаҳридан Украина қўшинлари олиб чиқилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Facebook'даги саҳифасида ёзди.
"Авдеевка атрофида юзага келган тезкор вазиятдан келиб чиқиб, қуршовга тушмаслик, ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш учун мен бўлинмаларимизни шаҳардан олиб чиқиб, мудофаага янада қулайроқ йўналишларга ўтишга қарор қилдим", деб ёзади Сирский.
Унинг айтишича, украиналик ҳарбийлар ўз бурчини муносиб бажарган ва Россия армиясига инсон кучи ва техникада катта йўқотишлар олиб келган.
“Ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти энг олий қадриятдир. Биз барибир Авдеевкани қайтарамиз”, дея қўшимча қилган Сирский.
“Таврия” Қуролли кучлари гуруҳи қўмондони Александр Тарнавский ҳам Украина қўшинлари олдиндан тайёрланган позицияларга олиб чиқилишини эълон қилди.
"Душман ўз аскарларининг жасадлари устида доимий бомбардимон остида ўндан бир устунлик билан олдинга ўтаётган бир вазиятда бу ягона тўғри қарор", деб ёзади Тарнавский.
Маълумот учун, Донецкдан 15 километр узоқликдаги, жанговар ҳаракатлардан олдин 30 мингдан кам одам истиқомат қилган Авдеевка шаҳри учун жанглар бир неча ой давом этди. Россия армияси Авдеевкага 2023 йил октябрь ойида фаол ҳужум бошлаганди. 2024 йил 15 февралда рус қўшинлари Авдеевканинг асосий кириш қисмини эгаллаб олди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби агар Конгресс зудлик билан чора кўрмаса, Авдеевка ва фронт чизиғидаги бошқа аҳоли пунктлари Россия назорати остига тушиши мумкинлигини айтганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15