Украина Қора денгиздаги “Росатом”га тегишли кемага зарба берди

Олам

image

Украина дронлари Қора денгизда Россия Давлат атом корпорацияси – “Росатом”га тегишли фуқаровий кемани нишонга олди ва уни чўктириб юборди. Бу ҳақда компания раҳбари Алексей Лихачёв маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳодиса кеча, 31 июль куни тунда содир бўлган. Музлатилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларини ташиётган кемага икки украин дрони зарба берган. Кемадаги 17 нафар экипаж аъзосининг барчаси тирик қолган. Лихачёв ҳужумни “денгиз қароқчилиги ва денгиз босқинчилиги” деб атаган.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса X ижтимоий тармоғида ҳужумни тасдиқлаб, Россия байроғи остида ҳаракатланган ва санкциялар рўйхатига киритилган “Янина” контейнер кемаси ҳам нишонга олинганини билдирган.

“Мудофаа кучларимизнинг аниқ зарбалари туфайли у денгиз тубига равона қилинди”, деган Зеленский.

Маълумот учун, сўнгги ҳафталарда Россия ва Украина бир-бирининг ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганини даъво қилган денгиз кемаларига нисбатан ҳужумларни кучайтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россиянинг Волгоград вилоятидаги энергетика объектларидан бирига ҳамда Wildberries компаниясига тегишли логистика марказига зарба берганди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг