Wildberries яна Украина ҳужумига учради (видео)

Олам

image

Украина бугун, 31 июль куни Россиянинг Волгоград вилоятидаги энергетика объектларидан бирига ҳамда Wildberries компаниясига тегишли логистика марказига зарба берди. Ҳужумлар оқибатида объектларда ёнғин юз берган. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар қилди.

Волгоград вилояти губернатори Андрей Бочаровнинг айтишича, тунги ҳужум оқибатида камида беш киши жароҳат олган. Бироқ у зарба берилган энергетика объектининг номини очиқламаган.

NASA’нинг FIRMS ёнғин мониторинги тизими Волгоград шаҳри жанубида жойлашган “Лукойл” компанияси тасарруфидаги йирик нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида бир нечта йирик ёнғин ўчоқлари қайд этилганини кўрсатган.

Wildberries Украина дронлари ҳужумидан сўнг Волгограддаги логистика марказларидан бирида ёнғин чиққанини тасдиқлаган. Компания ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлигини билдирган.

Қўшни Ростов вилоятида эса губернатор Юрий Слюсар Гуково шаҳрига уюштирилган дрон ҳужуми оқибатида бир аёл жароҳатланганини маълум қилган.

Россия Мудофаа вазирлиги кеча, 30 июль оқшомидан 31 июль тонгигача Россия ҳудуди ва аннексия қилинган Қрим устида 371 та Украина дрони уриб туширилганини маълум қилган.

Украина Wildberries компаниясини Россия армиясига дронлар учун эҳтиёт қисмлар ва бошқа жиҳозларни етказиб беришда кўмаклашаётганликда айбламоқда. Компания эса бу айбловларни рад этиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июль куни Украина дронлари Россиянинг Перм, Рязан ва Таганрог шаҳарлари, шунингдек, Қрим яриморолидаги нефтни қайта ишлаш заводлари ва Wildberries логистика объектларига зарба берган эди.

Ушбу ҳужумлар ортидан Wildberries Қозоғистонда 100 минг квадрат метргача омбор майдонларини қидираётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг