Украина қарши ҳужумга 48 минг аскар тайёрламоқчи. АҚШ ўзгариш бўлишига шубҳа қилмоқда
Олам
−
25 Апрель 2023 11007 2 дақиқа
Украина май ойида қарши ҳужум бошлаш учун ҳар бири 4000 аскардан иборат 12 бригада тайёрлашга қарор қилди. Бу ҳақда интернетга тарқалган Пентагон ҳужжатларига таяниб, “The New York Times” хабар берди.
Ҳужжатга кўра, АҚШ ва НАТО ушбу бригадалардан тўққизтасини тайёрламоқда.
Нашрнинг қайд этишича, Киевнинг иттифоқчилари унга етказиб бериладиган қурол етарли бўлишини кутмоқда.
“Украина АҚШга ўзининг операцион режаси ҳақида кўп гапирмайди. Аммо Пентагонга кўра, ҳужум жанубий йўналишда, шу жумладан, Қрим яқинидаги Азов денгизи қирғоқлари бўйлаб бошланади”, дейилади хабарда.
Газетага кўра, АҚШ расмийлари ҳужум Украина фойдасига кескин ўзгаришларга олиб келишига шубҳа қилмоқда. Шунингдек, АҚШ Украина армияси русларни чалғитиш учун айёрлик ва ҳийла ишлатишига умид билдирмоқда.
“The New York Times”нинг аниқлик киритишича, Украина ёлланган аскарларни бирлаштириб, янги жанговар бригадаларни тузган. Январь ойидан буён ушбу бўлинмалар АҚШнинг Германиядаги синов майдонларига уларни янги жиҳозлардан фойдаланишга ўргатиш ва мувофиқлаштириш даражасини синаб кўриш учун юборилган. АҚШнинг бир қанча расмийларига кўра, машғулотлар яхши ўтган ва Украина кучлари ўзларини тез ўрганувчи эканлигини кўрсатган.
“Politico” нашрининг ёзишича, АҚШ маъмурияти Украина ҳарбийларининг эҳтимолий муваффақиятсизлигига ҳам ҳозирлик кўрмоқда.
“Вашингтон 30 апрель куни Украинанинг қарши ҳужумини кутмоқда”, деб ёзган “Newsweek” нашри.
Live
Барчаси