Украина қарши ҳужум бошлади – Подоляк
Олам
−
25 Май 2023
14740Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат Қуролли кучларининг қарши ҳужуми бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда у Италиянинг “Rai” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Бир неча кундан бери қарши ҳужум давом этмоқда, чегаранинг 1500 километрида шиддатли уруш кетмоқда, аммо ҳаракатлар аллақачон бошланган”, дейди у.
Подолякнинг таъкидлашича, Украина ҳарбийлари Россия ҳудудига Ғарб қуроллари билан зарба бермайди, улар фақат босиб олинган ҳудудларни деоккупация қилиш учун ишлатилади.
“Биз Россия ҳудудига зарба беришни истамаймиз, биз сиз берган қуроллардан Москва томонидан босиб олинган ҳудудларда, жумладан, Донбасс ва Қримда Россия Федерациясининг позицияларини йўқ қилиш учун фойдаланамиз”, деб тушунтирган Подоляк.
Президент девони раҳбари маслаҳатчисининг сўзларига кўра, ҳозир Украинада узоқ масофали Storm Shadow ракеталари, Leopard танклари ва ракетага қарши тизимлар мавжуд бўлиб, буларни Франция ва Италия тақдим этган.
"F-16 самолётлари ниҳоят бизга ҳаво ҳудудини ёпишга имкон беради. Бу парадокс: агар улар бизда бир йил олдин бўлганида эди, уруш аллақачон тугаган бўларди", дея қўшимча қилган у.
Президент девони бошлиғи маслаҳатчисининг таъкидлашича, қарши ҳужум бир куннинг маълум бир соатида қизил лентани тантанали равишда кесиш билан бошланадиган қандайдир бир ҳодиса эмас.
LiveБарчаси