Украина иши бўйича Словакияда 8 киши қўлга олинди

Олам

image

Словакия полицияси Украинага ёрдам учун ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш иши доирасида 8 кишини, жумладан, мамлакат Мудофаа вазирлигининг 4 нафар мулозимини ҳибсга олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Ушбу иш Европа прокуратураси томонидан очилган. Жиноят иши сабаби сифатида 2022 йил уруш бошланганида давлатга қарашли “Конструкта” мудофаа компаниясидан 12 минг дона миномёт ўқ-дорилари харид қилингани кўрсатилмоқда. Прокуратура бу ўқ-дорилар ҳаддан ташқари қиммат нархда сотиб олинганини тахмин қилмоқда. Маблағлар нотўғри ишлатилган сумма 7,4 миллион еврога етиши мумкин.

Тергов доирасида полиция Словакиянинг собиқ мудофаа вазири Ярослав Надни ҳам ҳибсга олишга ҳаракат қилган, бироқ у уйида бўлмаган. 

Собиқ вазир унга нисбатан қўйилган гумонларни “саҳна ўйини”, бу ишни эса “сиёсий нишон олиш” деб атаган.

Наднинг айтишича, у ҳозир Канадада таътилда бўлиб турибди ва ойнинг охирида қайтишни режалаштирган. 

“Яна ва яна такрорлайман – биз Украинага қандай ёрдам берганимиздан фахрланаман. Худди шундай ишни яна қилишга тайёрман. Чунки бу инсонпарварлик ва масъулиятдир. Бу – айбсиз қурбонни жирканч Россия тажовузидан ҳимоя қилиш”, дея изоҳ қолдирган собиқ вазир. 

Маълумот учун, Ярослав Надь 2020 йилдан 2023 йилгача Словакия мудофаа вазири лавозимида ишлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари билан учрашувдан сўнг мамлакат Бош вазири Роберт Фицо Словакия Украинадаги ҳеч қандай ҳарбий миссияларда иштирок этиш ниятида эмас ва унга ёрдам бериш учун бир цент ҳам ажратмаслиги ҳақида айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Словакия Ярослав Надь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг